Исломшунослик
Исломшунослик — диншуносликнинг ислом тарихи, манбалари ва маросимларини ўрганувчи, тадқиқ қилувчи соҳаси. Ислом дини ва унинг ёзма манбалари пайдо бўлгандан кейин И. ислом тарқалган мамлакатларда, хусусан, Мовароуннаҳрда ривожланди. Айниқса, ҳоз. Ўзбекистон заминида етишиб чиққан имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Замахшарий, Қаффол Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Абдулҳолиқ Ғиждувоний каби фақиҳ, илоҳиётчи, муҳаддис, тафсирчилар бой илмий мерос қолдирдилар. Ислом тарихи ва Қуръонни ўрганиш Европада 9-а.дан бошланган. Америка, Европа ва Россия исломшунослиги ва Қуръоншунослигида олиб борилган тадқиқотлар кўплиги, маълумотларга бойлигига қарамай, уларда чекланганлик, бирёқламалик бор. Мамлакатимиз мустақилликка еришгандан кейингина И. бўйича илмий тадқиқот олиб бориш имконияти туғилди. 1992 й.да Тошкент давлат шарқшунослик ин-тида И. кафедраси, 1995 й.да Тошкентда Халқаро ислом тадқиқотлари маркази, 1999 й.да Тошкент ислом ун-ти очилди. Университет таркибида И. бўйича тадқиқот маркази ташкил қилинди. Бу илм масканлари ислом динини ҳар томонлама чуқур ва пухта ўрганиш, унинг асослари, аҳкомлари, жаҳон маданиятининг юксалишига қўшган улкан ҳиссасини тадқиқ қилиш ва натижаларини кенг жамоатчилик диққат-еътиборига етказиш йўлида фаолият кўрсатмоқда. И. фан сифатида Тошкент ислом ун-ти ва Тошкент давлат шарқшунослик ин-тида ўқитилмоқда.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!