Азон
Азон — (араб. азана - билдириш, еълон қилиш; синоними нидо чиқариш) - намозга чақириш. А. намоз учун буюрилган суннат ҳисобланади. Одатда ҳар бир масжидда муаззин бўлади. Унинг айтган А.и намоз вақти кирганини билдиради. А. баланд овоз билан ўзига хос оҳанг ила айтилади. А. 622-623 й.ларда Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонидан белгиланган. Биринчи муаззин Билол бўлган. Суннийликда А. айтиш қоидаси: икки қўлнинг бош бармоқларини қулоқнинг юмшоқ жойига теккизиб, кўрсаткич бармоқларни қулоқ ичига тиқиб, шундай дейилади: "Аллоҳу акбар" ("Аллоҳ -енг улуғдир") - 4 марта; "Ашҳаду ал-ла илоҳа иллаллоҳ ("Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ") - 2 марта; "Ашҳаду анна Муҳаммадур-расулуллоҳ" ("Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир") - 2 марта; "Ҳайя алас-солаҳ" ("Намозга келинглар") - 2 марта; "Ҳайя алал фалаҳ" ("Нажотга келинглар") - 2 марта; "Аллоҳу акбар - Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ". А. ҳамма намоз учун бир хилда айтилади, лекин фақат бомдод намози А.ида "Ҳайя ала фалаҳ" дегандан сўнг "Ас-салоту хойрум мин-ан-навм" ("Намоз уйқудан афзалдир") деб 2 марта қўшиб айтилади. Исломда янги туғилган чақалоқнинг ўнг қулоғига А. айтиш одати ҳам бор. Бунда аввал ўнг қулоғига А., чап қулогага такбир айтилади. Бу одат гўдакнинг бокира шуурига Аллоҳ таоло номини муҳрлаш мазмунида талқин етилган. Такбирда А. лафзларига "ҳайя алал фалаҳ"дан сўнг икки марта "қад қомати салоҳ" (намоз ўқишга тайёр) лафзини зиёда қилинади.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!