Иброҳим
Иброҳим — (ас) - Қуръонда номи зикр етилган пайғамбарлардан бири, ўзидан кейин ўтган барча пайғамбарларнинг бобокалони, араблар ва яҳудийларнинг умумий аждоди. Яккахудоликни тарғиб қилган. Аллоҳнинг чин дўсти (халилуллоҳ), имом ("жамоа раҳбари"), сиддиқ ("ҳақиқатгўй") ва ҳаниф ("яккахудоликни тарғиб қилувчи") деб таърифланади. Яҳудий-христиан диний адабиётларида Авраам номи билан маълум. Бобилда таваллуд топган. Аввалига юддуз, ой, қуёшга сиғинмоқчи бўлган, кейин ёлғиз Аллоҳга ибодат қила бошлаган. Отаси Озор ва қавмларини ҳам ана шунга даъват қилган. Бу ҳакда Қуръонда (Анбиё сураси 53-56-оятлар) келган. Улар билан баҳслашган, аммо ишонтиролмагач, отаси ва қавмлари сиғиниб юрган ҳамма бутларни синдириб ташлаган (Анбиё сураси 58-60-оятлар). Шу сабабли уни ёндириб юбормоқчи бўлиб ўтга ташлаганлар, аммо, у Аллоҳ иродаси билан оловдан соғ-саломат чиққани Қуръонда баён қилинган (Анбиё сураси 68-72-оятлар). Қуръонда ёзилишича, Аллоҳ И.(ас)га қариганда икки фарзанд берган. Булар Исмоил ва Ишок; (ас)лардир. Исмоил (ас) Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг катта бобоси, Ишоқ еса, Исо (ас) ва ундан аввал ўтган пайғамбарларнинг катта бобосвдир. И.(ас) тушида қилинган илҳомга асосан Аллоҳга бўлган чин еътиқоди евазига битта ўғли (Исмоил)ни курбон қилишга қарор қилган, лекин Аллоҳ боланинг ўрнига қўчқор юборган (қ. Курбонлик). Маккаи мукаррамада Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи)нинг бунёд бўлиши, ислом арконларининг 5-фарзи - ҳаж қилиш И. (ас)га бориб тақалади. Каъба яқинидаги "И. жойи" ("И. мақоми") мусулмонлар зиёратгоҳидир. Одатда, хатна қилишни ҳам И. (ас) номи билан боғлайдилар. Манбаларда И. (ас)нинг 175 йил умр кўргани, ўғиллари томонидан Мадинатул Халил (Хеврон, Фаластин)га дафн етилгани ёзилган. Бу қабр зиёратгоҳ ҳисобланади.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!