Ҳужвирий
Ҳужвирий — Абу-л-Ҳасан Али ибн Усмон ал-Разнавий ал-Жуллабий (? - 1072-1076/77 й.лар оралиғи) - форс тилида сўфийликка доир биринчи асар муаллифи. Унда сўфийлик тарихи ва моҳияти, сўфийлар дунёқараши ва амалиёти систематик тарзда баён етилган. Ҳужвир (Ғазнадаги маҳалла)да тақводор оилада туғилган. Ҳанафий мазҳабига еътиқод қилувчи сунний Ҳ.. ал-Жунайд (910 й. в.е.) сўфийлик мактабининг изчил тарафдори бўлган. Ҳаётининг кўп қисмини сафарда ўтказиб, Фарғонадан Ҳузистонгача, Ҳиндистондан Суриягача бўлган мамлакатларни кезган. Ҳаётининг сўнгги дамлари Лоҳурда кечган, бу ерда у бизгача.етиб келган ягона (10 тадан) асари - "Кашф ал-маҳжуб ли-аброр ал-қулуб"ни ёзган. Асар 2 қисмдан иборат. Биринчи - кириш қисми 14 бобдан ташкил топиб, унда сўфийликдаги ихтиёрий қашшоқлик ва руҳий поклик масалалари таҳлил етилган, 74 сўфий-шайхлар таржимаи ҳоли келтирилган, 2 асосий оқим (ғарбий ва шарқий) борлиги қайд етилган, шунингдек, сўфийликдаги 12 "мактаб" ёки мазҳаб таълимотлари таҳдил қилиниб, шундан "10 таси маъқул топилиб, 2 таси еса, рад етилган". Иккинчи қисм, асосан, жавоблардан иборат бўлиб, "Кашф ал-ҳижоб" деб номланган 11 қисмдан иборат. Унда фалсафий қоидалар, сўфийликдаги таълимотлар ва амалиёт, уларни шариат нормаларига мос келиши, сўфийлар орасида қабул қилинган техник терминлар ва б. кўрилган. Асар кейинги даврда сўфийликка доир форс тилида ёзилган адабиётларга улкан таъсир кўрсатган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!