Ҳашшошийлар
Ҳашшошийлар — (араб. - ҳашиш чекувчилар, гиёҳвандлар) - исмоилийлар ичидаги яширин террорчилик билан шуғулланган фирқа тарафдорлари. 11-а. охирида Еронда исмоилийлар ҳаракатининг бўлиниб кетиши натижасида пайдо бўлган. Асосчиси - Ҳасан ибн Саббоҳ (1124 й. в. е.). Ероннинг шим.-ғарбидаги тоғлар орасида жойлашган Аламут қалъаси Ҳ. жамоасининг маркази бўлган. Ҳ. ҳаракати Сурия ва Ливанда, кейинчалик Ҳиндистонда ҳам тарқалган. У Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги қарматлар ҳаракати билан узвий боғлиқ. Ҳ. халифалик ва салжуқийларга қарши курашган. Ҳ.нинг раҳбарлари ўз душманларини ўлдиришни сиёсий курашнинг асосий воситаси деб билган. Ҳ. гоят яширин ҳолда иш кўрадиган ва тармоқланган террорчилик ташкилотини вужудга келтирган. Уз мақсадларини амалга ошириш (ҳукмдорлар, подшолар, қироллар ва йирик намояндаларни ўлдириш)да фидойилар(қашшоқ деҳқон ва шаҳарлик ёшлар)дан фойдаланган. Террорчи (фидойи)ларга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган. Бирмунча давр Ҳ. кўп ҳукмронларга даҳшат солиб турган, улардан кўплари (жумладан айрим Европа мамлакатлари императорлари ва қироллари ҳам) ўз жонини сақлаш учун Ҳ.га тўлов тўлаб турган. 1256 й. мўғул истилочилари Аламутни босиб олиб, Еронда Ҳ. жамоасига барҳам берган. 1273 й.да мамлуклар қўшини Сурия ва Ливандаги Ҳ.нинг охирги ташкилотларини тугатган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!