Фитр
Фитр — фитр садақа (араб. - рўза якуни садақаси) - исломда рамазон ойи тугаши муносабати билан бериладиган садақа. Ҳар бир мусулмон еркак ва аёл учун икки ярим килограмм хурмо, арпа, ун ёки гуруч, ёки уларнинг қиймати миқдорида пул еҳсон қилиши вожибдир. Муҳтожликда яшовчи оила аъзолари ҳам ҳайит куни тўқ яшасин деган ниятда Ф. жорий етилган ва у вожиб амаллар сафидан жой олган. Ф. садақасини ўз вақтида адо етилишига тарғиб қилинган ҳадиси шарифлардан бирида то Ф.ни ўз егасига топширмагунга қадар тутган рўзаси осмонда муаллақ (осилиб) туради, адо етиши билан қабул бўлиб осмонга чиқиб кетади, дейилган. Ф. садақасини катта-ю кичик, ер-хотин, оила бошлиғи ўз қарамоғидаги ҳар бир жон ҳисобидан беради. Ф.ни ҳайит намози ўқилмасдан егаларига топшириш лозим. Ф. садақаси ўзига тўқ мусулмонларнинг муҳтож ва ҳожатмандлар учун рамазон ойида берадиган хайр-еҳсонларидир. Унинг ҳикматларидан бири фуқаролар, мискинлар, бева-бечоралар ва ҳожатмандларни улуғ айём - ҳайит олдидан қалбларига бир оз бўлса-да, шодлик ва ҳуррамлик бахш етиш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва оқибат натижада, одамлар орасида меҳр-шафқат туйғуларини уйғотиш бўлса, иккинчидан, рўзадорнинг рамазон ойида билиб-билмасдан қилган гунохларига каффорат ҳамдир.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!