Саҳиҳ ҳадислар тўплами
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дай ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбора туриб, бундай дедилар: «Сен, Аҳли китоб бўлмиш бир қавмга бораётирсан. Уларни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (яъни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ») деб ва мени Аллоҳнинг Расули деб шоҳидлик бермоққа даъват қил! Агар бунга итоат этсалар, унда Аллоҳ таоло уларга ҳар кеча-кундузда беш вақт намоз (ўқимоқ)ни фарз қилганини билдиргин. Агар бунга итоат этсалар, унда Аллоҳ таоло уларга молларининг закотини (бермоқликни) фарз қилганини билдиргин: бойларидан олиб, камбағалларга қайтарилгайдир. Агар бунга итоат қилсалар, сен молларнинг энг яхшиси учун талашма! Мазлумнинг қарғишидан қўрқгилки, мазлум билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир!...».
Ҳадис ҳақида батафсилроқМуҳаммад ибн Башшар, Муҳаммад ибн Жаъфар орқали Шуъбадан ривоят қилиб, Амр ибн Мурронинг бундай деганини бизга баён қилди: «Абу Убайдадан: «Абдуллоҳдан бирор нарса (ҳадис) хотирлайсанми?» деб сўрадим. «Йўқ» деди.
Ҳадис ҳақида батафсилроқМуъоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Яманга юбордилар-да, ҳар ўттиз сигирдан икки ёшга етган битта эркак бузоқ ёки тана, ҳар қирқтадан битта ғунажин олмоқни, ҳар бир етук (балоғатга етган) кишидан бир динор ёки шунга тенг кийимлик матоҳ олмоқни буюрдилар».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўттизта сигирда - икки ёшга етмаган битта эркак бузоқ ёки тана ва қирқтада - уч ёшга етган битта ғунажин (закот қилиб берилади)».
Ҳадис ҳақида батафсилроқИбн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам закотнома ёздилар ва қиличларига боғланган бу закотномани иш кўрувчи волийларига чиқармай туриб вафот этдилар.* У зот қазо қилгач, Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) то вафотларига қадар ўша билан амал қилдилар. Ва (Ҳазрати) Умар (розияллоҳу анҳу) то вафотларига қадар ўша билан амал қилдилар. Ўша закотномада (ушбулар) битилган эди: «Беш туяда — бир қўй. Ва ўн туяда - икки қўй. Ва ўн беш туяда - уч қўй. Ва йигирма туяда - тўрт қўй. Йигирма беш туядан то ўттиз беш туягача - икки яшар бир урғочи бўталоқ. Ўттиз бештадан ошиб, қирқ бештага қадар етса - уч яшар бир урғочи бўталоқ. Қирқ бештадан ошгач, олтмиштага қадар етса - тўрт яшар бир бўта. Олтмиштадан ошгач, етмиш бештага қадар - беш яшар бир урғочи туя. Етмиш бештадан ошгач, тўқсонтага қадар етса - уч яшар икки урғочи бўта. Тўқсонтадан ошгач, юз йигирматага қадар етса - тўрт яшар икки урғочи бўта. Юз йигирматадан ошгач, ҳар элликта (туя) учун — тўрт яшар бир урғочи бўта ва ҳар қирқта (туя) учун - икки ёшга тўлиб, уч ёшга ўтган бир урғочи бўта. Қўйларда эса ҳар қирқта қўйда юз йигирматага қадар бўлса - бир қўй. Юз йигирматадан ошгач, икки юзтага қадар бўлса - икки қўй. Икки юзтадан ошгач, уч юзтага қадар - уч қўй. Уч юзтадан ошгач, ҳар юз қўйдан - бир қўй. Кейин уч юзтадан ошиб, тўрт юзтага етгунича - ҳеч нарса (закот) йўқ. Закот (бериш)дан қўрқиб, айри-айри (сурув)лар бир-бирига қўшиб юборилмайди ва жамланган (сурув)лар бир-биридан ажратилмайди.** Сурув қўшилгач, эгалари бир-бирларига тенгма-тенг савияда қарайдилар.*** Қариган ва нуқсони бўлган жониворлар закот сифатида олинмайди».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАли (карромаллоҳу важҳаҳу)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу, алайҳи ва саллам бундай дедилар: «(Тижорат учун бўлмаган) йилқи ва қул закотидан (сизларни) озод этдим. Бас, кумушнинг закотини келтирингизлар! Қирқ дирҳамдан бир дирҳам (берилур). Тўқсонда ва юзда менга берадиган ҳеч нарсангиз йўқ. Тўлиқ икки юзга етганда эса, унда беш дирҳам бордур».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАнас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Бизлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўла туриб, кошки бир ақлли аъробий (бадавий) келсаю (сўз) бошлаб, у зотдан (бирор) савол сўраса, деб орзу қилар эдик. Шундай ҳолатда турган пайтимизда бир аъробий келди-ю ҳузурларида тиз чўкиб ўтирди. (Сўнг) дедики, «Ё Муҳаммад! Сизнинг жўнатган элчингиз бизларга келиб, айтдики, сиз Аллоҳ томонидан юборилдим, деб айтар экансиз?...». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Осмонларни юксак кўтариб қўйган, ерни текис ёйиб қўйган, тоғларни тиклаб қўйган зот ҳақи, айтинг, сизни Аллоҳ юбордими?». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз зиммамизга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилинди, деб айтар экансиз». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» (Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар). Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, зиммамизга йилда бир ой рўза тутмоқлик фарз қилинди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, молларимиздан закот бермоқлик зиммамизга қўйилди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди, дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, йўлга кучи етганлар зиммасига Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлик фарз қилинди, дер экансиз?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» «Шундоқ» дедилар. Шунда Аъробий айтди: «Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, булардан бирор нарсани кам ҳам қилмайман, бирор нарсани ортиқ ҳам қилмайман!...» Кейин сакраб турди... (Сўнг) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аъробий ўз сўзида турса, албатта Жаннатга киради!..» — деб айтдилар.
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Молингнинг закотини берсанг, албатта, ўз зиммангдаги (иш)ни адо қилган бўлурсан!».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим, у зот Каъбанинг соясида ўтирган эканлар. Менинг яқинлашаётганимни кўриб, бундай дедилар: «Каъбанинг Парвардигори ҳақи! Қиёмат кунида хосирийнлар - бой берганлар ўшалардир!». Абу Зарр айтади: «Мендан нима ўтди экан? Мен ҳақимда бирор нарса нозил бўлдимикин?» деб ўйладим, айтдимки, «Ота-онам сизга фидо бўлсин (Ё Расулуллоҳ!) Улар кимлар?» Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Улар мол-давлати кўп бўлган кишилардир. Илло икки қўли орасидан, ўнгидан ва чапидан (хайрли ишларга) сочган киши бундан мустасно!..» Кейин бундай дедилар: «Жоним қудрати қўлида бўлган зотга қасамки, бир киши, закотини бермасдан туя ёки сигир қолдириб, ўлса, қиёмат кунида у ўз аслидан каттакон ва семиз ҳолда эгасининг олдига келгайдир. Уни туёқлари билан тепкилаб, шохлари билан сузгайдир. Молларининг охиргиси (ишини) битириши билан, биринчиси унинг устига қайтгайдир. То инсонлар орасида ҳукм қилингунича (бу ҳол давом этгайдир!)...».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, Видо ҳажларида хутба ўқиётиб, айтдилар: «Раббингиз Аллоҳдан қўрқингизлар ва беш вақт намозингизни ўқингизлар! (Рамазон) ойингиз рўзасини тутингизлар! Молларингиз закотини берингизлар! Бошлиқларингизга итоат этингизлар! (Ана шу тақдирда) Роббингизнинг Жаннатига кирингизлар!..»
Ҳадис ҳақида батафсилроқ