Закот бермаганлик борасида пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг билдирган оғир ҳукмлари
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим, у зот Каъбанинг соясида ўтирган эканлар. Менинг яқинлашаётганимни кўриб, бундай дедилар: «Каъбанинг Парвардигори ҳақи! Қиёмат кунида хосирийнлар - бой берганлар ўшалардир!». Абу Зарр айтади: «Мендан нима ўтди экан? Мен ҳақимда бирор нарса нозил бўлдимикин?» деб ўйладим, айтдимки, «Ота-онам сизга фидо бўлсин (Ё Расулуллоҳ!) Улар кимлар?» Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Улар мол-давлати кўп бўлган кишилардир. Илло икки қўли орасидан, ўнгидан ва чапидан (хайрли ишларга) сочган киши бундан мустасно!..» Кейин бундай дедилар: «Жоним қудрати қўлида бўлган зотга қасамки, бир киши, закотини бермасдан туя ёки сигир қолдириб, ўлса, қиёмат кунида у ўз аслидан каттакон ва семиз ҳолда эгасининг олдига келгайдир. Уни туёқлари билан тепкилаб, шохлари билан сузгайдир. Молларининг охиргиси (ишини) битириши билан, биринчиси унинг устига қайтгайдир. То инсонлар орасида ҳукм қилингунича (бу ҳол давом этгайдир!)...».
Бу бобда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилинди. Али ибн Абу Толиб (карромаллоҳу важҳаҳу) бундай деганлари ривоят қилинди: «Закот бермаган киши лаънатланди!» (Шунингдек, бу бобда) Кабиса ибн Ҳулб воситасида унинг отаси Ҳулбдан, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Заррнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Абу Заррнинг исми - Жундуб ибн Ас-Сакан. У Жуноданинг ўғли деб ҳам айтилади.
Абдуллоҳ ибн Мунир бизга Убайдуллоҳ ибн Мусодан, Суфён Ас-Саврийдан, Ҳаким ибн Ад-Дайламдан нақл этиб, Заҳҳок ибн Музоҳимнинг бундай деганини баён қилди: «Мол-давлати кўп бўлган кишилар - ўн минги бўлган кишилардир».
Термизий тобиъийндан бўлмиш Заҳҳок ибн Музоҳимнинг 612-рақамли ҳадис борасидаги тафсирини бу ўринда иршод этмоқдалар. Қози Абу Бакр Ибнул-Арабий, «ўнг минг» деганда дирҳам кўзда тутилганини баён қилади. Дирҳам эса ўн тўрт қийротдан иборат кумуш тангадир. Шаръий қийрот - ўртача беш дона арпа оғирлигида экани таъкидланади.