Закотда молнинг яхшисини олмоқ кароҳат эканлиги
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дай ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга юбора туриб, бундай дедилар: «Сен, Аҳли китоб бўлмиш бир қавмга бораётирсан. Уларни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (яъни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ») деб ва мени Аллоҳнинг Расули деб шоҳидлик бермоққа даъват қил! Агар бунга итоат этсалар, унда Аллоҳ таоло уларга ҳар кеча-кундузда беш вақт намоз (ўқимоқ)ни фарз қилганини билдиргин. Агар бунга итоат этсалар, унда Аллоҳ таоло уларга молларининг закотини (бермоқликни) фарз қилганини билдиргин: бойларидан олиб, камбағалларга қайтарилгайдир. Агар бунга итоат қилсалар, сен молларнинг энг яхшиси учун талашма! Мазлумнинг қарғишидан қўрқгилки, мазлум билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир!...».
Яъни, бир кишига зулм қилсанг, зулм ўтган киши сени қарғамоғидан қўрқгил ва ҳеч кимга зулм қилма. Суютий айтади: «Мазлум - дуоси қабул бўлмайдиган киши бўлса ҳам, ҳатто баъзи ривоятларга кўра, кофир киши бўлса ҳам, Аллоҳ билан мазлумнинг қарғиши ўртасида парда йўқ».
Бу бобда Ас-Сунобиҳий (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Ибн Аббоснинг мавлоси (озод этилган қули) Абу Маъбаднинг исми - Нофиз.