Закотни берсанг, ўз зиммангдаги (ҳақ)ни адо қилган бўлурсан
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Бизлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўла туриб, кошки бир ақлли аъробий (бадавий) келсаю (сўз) бошлаб, у зотдан (бирор) савол сўраса, деб орзу қилар эдик. Шундай ҳолатда турган пайтимизда бир аъробий келди-ю ҳузурларида тиз чўкиб ўтирди. (Сўнг) дедики, «Ё Муҳаммад! Сизнинг жўнатган элчингиз бизларга келиб, айтдики, сиз Аллоҳ томонидан юборилдим, деб айтар экансиз?...». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Осмонларни юксак кўтариб қўйган, ерни текис ёйиб қўйган, тоғларни тиклаб қўйган зот ҳақи, айтинг, сизни Аллоҳ юбордими?». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз зиммамизга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилинди, деб айтар экансиз». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» (Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар). Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, зиммамизга йилда бир ой рўза тутмоқлик фарз қилинди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, молларимиздан закот бермоқлик зиммамизга қўйилди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди, дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, йўлга кучи етганлар зиммасига Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлик фарз қилинди, дер экансиз?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» «Шундоқ» дедилар. Шунда Аъробий айтди: «Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, булардан бирор нарсани кам ҳам қилмайман, бирор нарсани ортиқ ҳам қилмайман!...» Кейин сакраб турди... (Сўнг) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аъробий ўз сўзида турса, албатта Жаннатга киради!..» — деб айтдилар.
Бу ҳадис ушбу жиҳатдан ҳасан-ғариб.
Анас орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа жиҳатдан ҳам ривоят қилинган.
Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий)дан эшитдим, айтадики, «Баъзи муҳаддислар, (маълумотни) олим кишига ўқиб арз этмоги (худди) ундан эшитмоғи каби жоиз, деб айтишди». Аъробийнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайхи ва салламга қилган арзини ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг арзини иқрор қилганларини (бунга) далил қилиб кўрсатишади.