Олтин ва кумушнинг закоти
Али (карромаллоҳу важҳаҳу)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу, алайҳи ва саллам бундай дедилар: «(Тижорат учун бўлмаган) йилқи ва қул закотидан (сизларни) озод этдим. Бас, кумушнинг закотини келтирингизлар! Қирқ дирҳамдан бир дирҳам (берилур). Тўқсонда ва юзда менга берадиган ҳеч нарсангиз йўқ. Тўлиқ икки юзга етганда эса, унда беш дирҳам бордур».
Бу бобда Абу Бакр Ас-Сиддиқ ва Амр ибн Ҳазм (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинди.
Бу ҳадисни Ал-Аъмаш, Абу Авона ва тағин бошқалар Абу Исҳоқдан, Осим ибн Замрадан. Али (розияллоҳу анҳум)дан ривоят қилдилар. Суфён Ас-Саврий, Ибн Уйайна ва биттадан кўп киши эса шу ҳадисни Абу Исҳоқдан, Ал-Ҳорисдан, Али (розияллоҳу анҳум)дан ривоят қиладилар. Бу ҳадисни Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий)дан сўрадим, шунда бундай дейди: «Абу Исҳоқдан келган ҳар икки ривоят ҳам, менимча, саҳиҳ. Абу Исҳоқ, эҳтимол, уларнинг (Осим ибн Замра билан Ал-Ҳориснинг) ҳар иккаловидан ривоят қилгандир».