Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳайз кўрган аёл ва жунуб бўлган инсон Қуръондан ҳеч бир нарса ўқимасин!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Муъоз (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Бир аёл Оиша (онамиз)га савол бериб, дедики, «Бирортамиз (ҳайздан поклансак), ҳайз кунларида ўқимаган намозларимизнинг қазосини ўқиймизми?» Шунда (Оиша онамиз) айтдилар: «Сен ҳарураликмисан? (яъни, аҳли суннатга зид хаворижларданмисан?) Ҳеч қайси биримизга ҳайз кўрганда ўқимаган намозларнинг қазосини ўқиш буюрилмаган!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдиларки: «Умму Ҳабиба бинти Жаҳш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво истаб, деди: «Мен истиҳоза кўраман, ҳеч покланмайман (қон тўхтамайди); намозни тарк этайинми?» Шунда (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Йўқ! Бу фақат томир (қони)дир. Ғусл қил ва намозингни ўкийвер!» Шунга кўра (Умму Ҳабиба) ҳар бир вақт намози учун ғусл қиларди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ҳамна бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўрар эдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим; аҳволимни билдирмоқчи ва фатво сўрамоқчи эдим. Ул зотни эгачим Зайнаб бинти Жаҳшнинг уйида топдим ва дедимки: «Ё Расулуллоҳ! Мен ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўргувчиман! Бу ҳақда менга нимани амр қиласиз? Чунки, бу мени рўзадан ва намоздан қолдирди». Айтдиларки: «Сенга пахтани тавсия қиламан, чунки пахта қонни кетказади». Ҳамна деди: «Пахта асқотмайдиган даражада кўп қон келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «(Қон оқиши ва ёйилишини ушлайдиган) бир боғич тутгин». Ҳамна деди: «Қон бундан ҳам кўп келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Бирор буюм (кийим) тутгил», - дедилар. Ҳамна: «Қон бундан ҳам кўп келади, тўхтовсиз оқиб туради», — деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга икки нарсани буюраман, қайси бирини қила олсанг, шу сенга кифоя. Агар икковини қила олсанг ҳам, ўзинг биласан. Бу, албатта, фақат шайтоннинг бузғунчилигидир. Буни Аллоҳу таолонинг илмига ҳавола этиб, олти кун ёки етти кунни ҳайз кунлари ҳисоблагин, кейин ғусл қилгин, агар тозаланганинг ва покланганингни кўрсанг, йигирма тўрт кун ёки йигирма уч - кун кеча ва кундуз намоз ўқи, рўзангни тут, намозингни ҳам ўқийвер. Ўша ғусл (бу муддат учун) сенга етади! Аёллар одатда қай вақтда ой кўриб, қай вақтда ҳайздан покланса, сен ҳам ўшандай қил. Агар кучинг етсаки, пешинни орқароққа суриб ва асрни илдамлатиб, унга уласанг, бу орада поклансанг (қон тўхтаганини кўрсанг), ғусл қилиб, пешин билан аср намозларини жамъ қилиб ўқи, (ва агар кучинг етсаки), кейин шомни кечиктириб ва ҳуфтонни илдамлатсанг, кейин ғусл қилиб, бу икки намозни ҳам жамъ қилиб ўқисанг, шундай қил. Бомдод намози учун (алоҳида) ғусл қилиб, намозингни ўқийсан. Ана шундай қилгин. Агар рўза тутмоққа кучинг етса, рўзангни ҳам тутавер». Шундан сўнг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки: «Бу икки ишдан менга ажиброғи шунисидир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Адий ибн Собитнинг бобосидан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳоза кўрадиган аёл борасида бундай дедилар: «Ой кўриши кунлари олдиндан белгили бўлган аёллар ҳайз кунларида намозни тарк этади, кейин ғусл қилади ва ҳар вақт намози олдидан таҳорат олади, рўзасини тутиб, намозини ўқийверади».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Фотима ибн Абу Ҳубайш Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, «Ё Расулуллоҳ! Мен истиҳоза кўрадиган аёлман, бундан ҳеч покланмайман. Намозни тарк этайинми?» - деди. «Йўқ, - дедилар (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) - бу томир қонидир, ҳайз қони эмас. Ҳайз кўрадиган кунларинг намозни тарк эт, ҳайз (муддати)дан поклангач, ғусл қилгин ва намозингни ўқийвергин».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, тоза тупроқ мусулмон кишини покловчидир, ҳатто у ўн йил сув топа олмаса ҳам! Сув топган тақдирда ҳам тоза тупроқни баданига (терисига) сурсин, албатта ана шу хайрлироқдир!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан ғусл қилиб жанобатдан поклангач, мен билан исинар эдилар, мен ювинмаган ҳолда бўлсам-да, у кишини бағримга босар эдим».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; дедики: «Милҳон қизи (Абу Талҳанинг хотини) Умму Сулайм Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, айтдики: «Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ таоло ҳақ нарсадан уялмоқни буюрмайди! Агар хотин киши уйкусида эркак киши кўрган нарсани кўрса (яъни иҳтилом бўлиб қолса), ғусл лозим бўладими?» (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳа, агар сув (маний) келганини кўрса, ғусл қилсин», дедилар. Умму Салама айтади: Унга: «Эй Умму Сулайм! Аёлларни уятга қўйдинг-ку! — дедим».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: у киши жунуб ҳолатда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқиб қолди. Айтадики, «Мен орқага тисландим, яъни орқага чекиниб, бориб ғусл қилдим, кейин қайтиб келдим. Шунда: «Қаерда эдинг?» ёки «Қаёққа кетдинг?» дедилар. «Мен жунуб эдим», дедим. Ул зот: «Батаҳқиқ, мусулмон киши нажас бўлмайди», дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ