Истиҳоза кўрган аёл ҳар бир вақт намози учун таҳорат олади
Адий ибн Собитнинг бобосидан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳоза кўрадиган аёл борасида бундай дедилар: «Ой кўриши кунлари олдиндан белгили бўлган аёллар ҳайз кунларида намозни тарк этади, кейин ғусл қилади ва ҳар вақт намози олдидан таҳорат олади, рўзасини тутиб, намозини ўқийверади».
Али ибн Ҳужр худди шу ҳадис маъносини Шорикдан нақл этиб, бизга баён қилди.
Бу ҳадисни Абул-Йақзондан фақатгина Шорик ривоят қилган. Муҳаммад (Ал-Бухорий)дан бу ҳақда сўраб, «Ҳадиснинг санадида Адий ибн Собитдан, унинг отасидан, бобосидан, дейилади, Адийнинг бобосининг оти нима?» дедим. Муҳаммад унинг исмини билмади. Бир гал Муҳаммадга: «Яҳё ибн Маийн, унинг исми Динор деб айтяпти», десам, у бунга эътибор бермади.
Аҳмад ва Исҳоқ истиҳоза кўрадиган аёл борасида бундай дейишади: «Ҳар бир намоз вақтида ювинса (ғусл қилса) ўзи учун эҳтиёткор бўлган бўлади, ҳар вақт намози учун фақатгина (янги) таҳорат олса, кифоя. Бир таҳорат билан икки вақт намозини жамъ қилса, жоиздир».