Умми Бужайд (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган аёллардан эди; Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдики, «Агар мискин киши келиб эшигимда туриб олса-ю, мен унга берадиган бирор нарса топа олмасам, нима қиламан?» Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша аёлга бундай дедилар: «Агар берадиган бирор нарса топа олмасанг, ҳеч йўқса, бир куйдирилган қўй туёғи топиб бўлса ҳам унга бер, уни тиланчининг қўлига тиқиб қўй!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ (ибн Масъуд)нинг хотини Зайнаб (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга (аёллар жамоасига) хитоб қилиб, айтдилар: «Эй аёллар жамоаси! Садақа қилингизлар. Лоақал зеб-зийнатларингиздан бўлса ҳам, (садақа қилиб қолингизлар!) Чунки қиёмат кунида жаҳаннам аҳлининг аксарияти сизлардурсиз!...».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар либосида намоз ўқимас эдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Мужоҳиддан ривоят қилинди; айтди: «Ибн Умарнинг ҳузурида эканимизда бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларга кечқурун масжидга чиқмоқлари учун изн берингизлар!». Шунда Ибн Умарнинг ўғли: «Аллоҳ ҳақи, изн бермаймиз! Буни ёмон ниятларига баҳона қилиб олишади!» деди. Шунда Ибн Умар айтдики, «Аллоҳ сенга бас келсин, бас келсин! Мен: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар», деб турибман-у, сен «Изн бермаймиз» дейсан-а!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳайити кунида намозгоҳга чиқмасдан олдин бир нечта хурмо танаввул қилар эдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Умму Атиййа (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бокира ва энди бўйига етган қизларни ҳам, паранжи ёпинган аёлларни ва ҳайз кўрган хотинларни ҳам ҳайит намозларига чиқарар эдилар. Аммо ҳайз кўрган аёллар намозгоҳдан узоқроқда туриб, мусулмонларнинг дуолариига қўшилишарди. (Бир куни) аёллардан биттаси: «Ё Расулуллоҳ! (Аёлининг) ёпинчиғи бўлмаса-чи?» деди. «Унда дугонаси ёпинчиқларидан бирини бериб турсин!» дедилар...».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «(Намозда) тасбиҳ айтмоқ («Субҳаналлоҳ» демоқ) эркаклар учун ва чапак чалмоқ аёллар учундир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, қабристонни зиёрат қилган аёлларни, қабрлар устида масжид қурганларни ва унда чироқ ёққанларни лаънатладилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Умму Фарва (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди, у Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилган аёллардан биридир; дедики, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Амалларнинг қайси бири афзалроқ?» деб сўралди. «Вақтининг аввалида (вақти кирган заҳоти) ўқилган намоз», - дедилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб берар ва (мусулмон) аёллар (масжиддан уй-уйларига) тарқалишар эди». Ал-Ансорий айтади: «Аёллар паранжиларига ўраниб олиб қайтаётганларида ғира-ширада уларни таниб бўлмасди». Қутайба эса: «Чодирларига бурканиб олиб» дейди.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ