Мужоҳиддан ривоят қилинди; айтди: «Ибн Умарнинг ҳузурида эканимизда бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларга кечқурун масжидга чиқмоқлари учун изн берингизлар!». Шунда Ибн Умарнинг ўғли: «Аллоҳ ҳақи, изн бермаймиз! Буни ёмон ниятларига баҳона қилиб олишади!» деди. Шунда Ибн Умар айтдики, «Аллоҳ сенга бас келсин, бас келсин! Мен: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар», деб турибман-у, сен «Изн бермаймиз» дейсан-а!».

Ибн Умарнинг ўғли (Умар ибн Ал-Хаттобнинг невараси) ўша вақтда айрим хотинларнинг фасоди (бузуқчилиги)ни кўриб, мусулмонлик номини ва ирсини (номусини) муҳофаза қилмоқ тарзида шу сўзни айтган.

«Аллоҳ сенга бас келсин». Бу койишни Абдуллоҳ ибн Ҳубайра, Табароний ривоятида, «Уч марта лаънат айтмоқ» тарзида тафсир қилган.

Бу бобда Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг жуфти ҳалоли Зайнаб ва Зайд ибн Холид (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.

Ибн Умарнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш