Бомдод намозини тонг ғира-ширасида ўқимоқ
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб берар ва (мусулмон) аёллар (масжиддан уй-уйларига) тарқалишар эди». Ал-Ансорий айтади: «Аёллар паранжиларига ўраниб олиб қайтаётганларида ғира-ширада уларни таниб бўлмасди». Қутайба эса: «Чодирларига бурканиб олиб» дейди.
Бу бобда Ибн Умар, Анас ва Қайла бинти Маҳрама (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган. Оиша (онамиз)нинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Аз-Зуҳрий бу ҳадисни Урвадан, Оиша (онамиз)дан айнан ривоят қилади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, ораларида (Ҳазрати) Абу Бакр ва (Ҳазрати) Умар (розияллоҳу анҳумо) бор бўлган мутааддид илм аҳли ва тобиъийндан айрим олимларнинг қавли шудир. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шу қавлга эга бўлишган: улар бомдод намозини тонг ғира-ширасида ўқимоқликни мустаҳаб деб ҳисоблайдилар.