Хотин-қизларнинг ҳайит намозларига чиқмоғи
Умму Атиййа (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бокира ва энди бўйига етган қизларни ҳам, паранжи ёпинган аёлларни ва ҳайз кўрган хотинларни ҳам ҳайит намозларига чиқарар эдилар. Аммо ҳайз кўрган аёллар намозгоҳдан узоқроқда туриб, мусулмонларнинг дуолариига қўшилишарди. (Бир куни) аёллардан биттаси: «Ё Расулуллоҳ! (Аёлининг) ёпинчиғи бўлмаса-чи?» деди. «Унда дугонаси ёпинчиқларидан бирини бериб турсин!» дедилар...».
Амад ибн Маниъ, Ҳушайм орқали Ҳишом ибн Ҳассондан, Сийрийн қизи Ҳафсадан, Умму Атиййадан бизга баён қилди: ўтган ҳадиснинг ўзи...
Бу бобда Ибн Аббос ва Жобир (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Умму Атиййанинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ. Баъзи илм аҳллари шу ҳадисни эгаллаб, хотин-қизларнинг ҳайит намозларига чиқмоқлари учун рухсат берганлар. Баъзиси эса буни макруҳ кўради. Ибнул-Муборақдан бундай дегани ривоят қилинди: «Хотинларнинг бу кун ҳайит (намозлари)га чиқмоқларини макруҳ кўраман. Агар хотин чиқаман деб туриб олса, эри уни ясантирмасдан, кунда киядиган кийими билан чиқмоғига изн берсин! Агар бу ҳолатда чиқишни қабул қилмаса, уни чиқмоқдан манъ этиши мумкин».
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан бундай деганлари ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларнинг нималарни ўйлаб топганини кўрсалар эди, Бани Исроил аёллари манъ этилганидек, уларни масжиддан манъ этган бўлардилар».
Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг Ал-Бухорий ва Муслим томонидан тахриж қилинган бу ҳадисида аёлларнинг масжидлардан манъ этилганига доир далил йўқ. Чунончи, Аллоҳу таоло бандаси ва Расули Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламга шариатини комил ва возиҳ (очиқ-равшан) тарзда нозил қилган. Аёлларнинг масжидларга боришларига изн берилган. Аммо очиқ-сочиқ, ясан-тусан қилиб юришдан, зеб-зийнатларини бегона эркакларга намойиш қилиб юришдан манъ этилган... (Муборакфурий ва Аҳмад Муҳаммад Шокир).
Суфён Ас-Саврийдан бугунги кунда хотинларнинг ҳайитларига чиқмоқларини макруҳ кўргани ривоят қилинди.