Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, қабристонни зиёрат қилган аёлларни, қабрлар устида масжид қурганларни ва унда чироқ ёққанларни лаънатладилар».

Термизий, ушбу китобнинг «Жанозалар» бўлимида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилган аёлларни лаънатлаганлари ҳақидаги айрим илм аҳлларининг қарашларини шарҳлаб, бундай дейдилар: «Бу (ҳадис) қабрларни зиёрат қилишга рухсат берилишидан олдин (айтилган) эди. Қабрни зиёрат қилишга рухсат берилгач, бу рухсат эркаклар билан бирга аёлларга ҳам дахлдордир. Айримлари эса, аёлларнинг сабри оз бўлиб, оҳу ноласи кўп бўлганидан, улар учун қабр зиёрати макруҳ қилинган, деган тўхтамдалар.

Қабрлар устида масжид қурилиши масаласини Ибнул-Молик бундай таъвил қилади: «Чунки бу яхудий одатидир ва қабр устида қурилган масжидда намоз ўқимоқ яҳудийлар суннатига эргашмоқликдир». Ал-Қорий «Ал-мирқод» асарида бундай дейди: «Ҳадисда ворид бўлган «устида» деган қайд қабрлар ёнида масжид қурмоқнинг зарари йўқлигини кўрсатади. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Яҳудийлар ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин: улар Пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг қабрларини масжид қилиб олдилар» деган ҳадислари бу хусусни очмоқда». Муборакфурий: «Масжидларни қуриш қабрларга таъзим учун бўлса, хоҳ қабр устида бўлсин, хоҳ ёнида бўлсин, қуриш жоиз эмас», дейди.

Қабрларда чироқ ёқмоқ масаласига келсак, бу ишни қилганларга Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тили билан лаънат ўқилиши сабаби эса «Мажмаъ-ул-биҳор»да бундай таъкидланган: «Ё пул беҳуда исроф этилгани учун ёки қабрларга таъзим маъносида бўлгани учун Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга чироқ (ёки шамъ ва ҳоказо) ёқмоқни манъ этганлар».

Бу бобда Абу Ҳурайра ва Оиша (розияллоҳ) анҳумо) дан ҳадис ривоят қилинган. Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш