Аҳмад ибн Абда Аз-Зоббий Абу Ваҳбдан нақл этиб, бизга баён қилди; Абу Ваҳб деди: «Абдуллоҳ ибн Муборақдан, орасида тасбиҳ айтиладиган намоз ҳақида сўрадим. Айтдики, «Такбир(и) (таҳримани) айтгандан кейин: «Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика ва тоборака-смука, ва тааъло жаддука ва ла илаҳа ғойрук») дейди; кейин ўн беш марта «Субҳаналлоҳи валҳамду-лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейди; кейин «Аъузу биллаҳи»ни айтиб, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» деб «Фотиҳа» сурасини ва яна бир сурани ўқийди; кейин ўн марта «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» дейди; кейин рукуъга боради ва (рукуъда) шуни ўн марта айтади; кейин (рукуъдан) бошини кўтариб, шуни (яна) ўн марта айтади; кейин саждага боради ва (саждада) ўн марта айтади; кейин (саждадан) бошини кўтариб, ўн марта айтади; кейин иккинчи саждага бориб, (саждада) ўн марта айтади; ва худди шу йўсинда тўрт (ракъат) ўқийди. Демак, ҳар бир ракъатда етмиш беш тасбиҳдир. Ҳар бир ракъатини ўн беш тасбиҳ билан бошлайди, кейин қироат қилади ва (қироатнинг изидан) ўн тасбиҳ айтади. Бу намозни кечаси ўқиса, ҳар икки ракъатда салом бермоғи менга мақбулроқ. Агар кундузи ўқиса, хоҳласа (икки ракъатда) салом беради, хоҳласа салом бермайди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан риво-ят қилинди; «Умму Сулайм Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, «Менга намозларимда ўқиладиган калималардан ўргатсангиз», деди. (Расулуллоҳ салпаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Ўн марта «Аллоҳу акбар», ўн марта «Субҳаналлоҳ», ўн марта «Алҳамдулиллаҳ» дегил. Кейин хоҳлаган нарсангни тилайвер. (Аллоҳ таоло): «Мақбул, мақбул» деб тургайдир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Рофиъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (амакилари) Аббосга дедиларки: Эй амаким! Сизга бир қариндошлик (ҳақини адо) қилайинми? Сизга бир эҳсон этайинми? Сизга бир манфаат етказайинми?» (Аббос (розияллоҳу анҳу): «Ҳа (айтинг), ё Расулуллоҳ!» дедилар. Айтдилар: «Эй амаким! Тўрт ракъат намоз ўқинг, ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сураси билан бирга битта сурани ўқинг. Қироат битгач, рукуъга бормасдан олдин ўн беш марта «Аллоҳу акбару валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳ») денг. Рукуъга бориб уни (рукуъда) ўн марта айтинг. Рукуъдан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Сажда қилинг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Саждадан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Кейин (иккинчи) саждага боринг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Иккинчи саждадан бошингизни кўтариб, қиёмга турмасдан олдин ўшани яна ўн марта айтинг. Шундай қилиб, бу тасбиҳлар ҳар бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда уч юзта тасбиҳ бўлади. Бас, агар гуноҳларингиз Ъалаж қумларининг саноғича бўлса ҳам, Аллоҳ сизни мағфират қилгайдир!» Аббос (розияллоҳу анҳу): «Ё Расулуллоҳ! Бу тасбиҳларни кунда ким ҳам айта оларди!» дедилар. (Расули Акрам) айтдиларки, «Буларни ҳар куни айта олмасангиз, ҳафтада бир бор айтинг. Агар ҳафтада айта олмасангиз, ойда бир айтинг... » У кишига (шу йўсин) уқдиришда давом этиб, ҳатто охири: «Бир йилда бир марта айтинг» дедилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Манбалар

Тасбиҳ намози