Тасбиҳ намози
Абу Рофиъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (амакилари) Аббосга дедиларки: Эй амаким! Сизга бир қариндошлик (ҳақини адо) қилайинми? Сизга бир эҳсон этайинми? Сизга бир манфаат етказайинми?» (Аббос (розияллоҳу анҳу): «Ҳа (айтинг), ё Расулуллоҳ!» дедилар. Айтдилар: «Эй амаким! Тўрт ракъат намоз ўқинг, ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сураси билан бирга битта сурани ўқинг. Қироат битгач, рукуъга бормасдан олдин ўн беш марта «Аллоҳу акбару валҳамду лиллаҳи ва субҳаналлоҳ») денг. Рукуъга бориб уни (рукуъда) ўн марта айтинг. Рукуъдан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Сажда қилинг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Саждадан бошингизни кўтариб, яна ўн марта айтинг. Кейин (иккинчи) саждага боринг ва (саждада) ўшани ўн марта айтинг. Иккинчи саждадан бошингизни кўтариб, қиёмга турмасдан олдин ўшани яна ўн марта айтинг. Шундай қилиб, бу тасбиҳлар ҳар бир ракъатда етмиш бештадир. Тўрт ракъатда уч юзта тасбиҳ бўлади. Бас, агар гуноҳларингиз Ъалаж қумларининг саноғича бўлса ҳам, Аллоҳ сизни мағфират қилгайдир!» Аббос (розияллоҳу анҳу): «Ё Расулуллоҳ! Бу тасбиҳларни кунда ким ҳам айта оларди!» дедилар. (Расули Акрам) айтдиларки, «Буларни ҳар куни айта олмасангиз, ҳафтада бир бор айтинг. Агар ҳафтада айта олмасангиз, ойда бир айтинг... » У кишига (шу йўсин) уқдиришда давом этиб, ҳатто охири: «Бир йилда бир марта айтинг» дедилар».
Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳумо) ривоятида бундай дейилади: «Агар қила олмасанг, йилда бир марта бажаргил! Агар буни ҳам бажара олмасанг, умрингда бир марта бажаргил!».
Ҳадис Шофиъий мазҳабида иккинчи саждадан кейин, ўтириш бор деб қабул қилинган истироҳат ўтириши учун далил қилиб олинган. Ҳолбуки, бу фақат тасбиҳ намозига хосдир. Тасбиҳ намозида иккинчи саждадан кейин истироҳат ўтиришида ўн тасбиҳ айтилганидан кейин қиёмга турилади.
Бу ҳадис Абу Рофиънинг ривояти сифатида ғариб.