Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Бизлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўла туриб, кошки бир ақлли аъробий (бадавий) келсаю (сўз) бошлаб, у зотдан (бирор) савол сўраса, деб орзу қилар эдик. Шундай ҳолатда турган пайтимизда бир аъробий келди-ю ҳузурларида тиз чўкиб ўтирди. (Сўнг) дедики, «Ё Муҳаммад! Сизнинг жўнатган элчингиз бизларга келиб, айтдики, сиз Аллоҳ томонидан юборилдим, деб айтар экансиз?...». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Осмонларни юксак кўтариб қўйган, ерни текис ёйиб қўйган, тоғларни тиклаб қўйган зот ҳақи, айтинг, сизни Аллоҳ юбордими?». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз зиммамизга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилинди, деб айтар экансиз». Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» (Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар). Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, зиммамизга йилда бир ой рўза тутмоқлик фарз қилинди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, молларимиздан закот бермоқлик зиммамизга қўйилди, деб айтар экансиз?...» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рост айтибди, дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Аъробий айтди: «Сизнинг элчингиз бизларга айтдики, сиз, йўлга кучи етганлар зиммасига Байтуллоҳни ҳаж қилмоқлик фарз қилинди, дер экансиз?» Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундоқ» дедилар. Дедики, «Сизни юборган зот ҳақи, айтинг, буни сизга Аллоҳ буюрдими?» «Шундоқ» дедилар. Шунда Аъробий айтди: «Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, булардан бирор нарсани кам ҳам қилмайман, бирор нарсани ортиқ ҳам қилмайман!...» Кейин сакраб турди... (Сўнг) Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аъробий ўз сўзида турса, албатта Жаннатга киради!..» — деб айтдилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Молингнинг закотини берсанг, албатта, ўз зиммангдаги (иш)ни адо қилган бўлурсан!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Манбалар

Закотни берсанг, ўз зиммангдаги (ҳақ)ни адо қилган бўлурсан