(қалин) пайпоқ ва наъл (пойабзал) устига масҳ тортмоқ
Ал-Муғийра ибн Шуъбадан ривоят қилинди; у деди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олдилар, пайпоқлари ва наъллари (пойабзаллари) устига масҳ тортдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Илм одамларидан мутааддид кишиларнинг қавли шудир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак,Шофиъий, Ахмад ва Исҳоқнинг ҳам қавли ушбудир: «Қалин пайпоқлар устига, товонсиз(пошнасиз) бўлса ҳам, масҳ тортилади», дейдилар.
Бу бобда Абу Мусодан ҳадис ривоят қилинган.
Солиҳ ибн Муҳаммад Ат-Термизийдан эшитдим; у Абу Муқотил Ас-Самарқандийдан зшитганини айтди; дейдики, Абу Ҳанифанинг вафотлари билан якунланган касаллик пайтларида у кишининг олдиларига кирдим. Сув келтиртириб, таҳорат олдилар. Оёқларида пайпоқ бор эди, пайпоқларининг устига масҳ тортдилар ва кейин бундай дедилар: «Олдин ҳеч қилмаган ишимни бугун қилдим; товонсиз (пошнасиз) бўлишига қарамай, паипоқларим устига масҳ тортдим».
Муборакфурий бу ҳадис билан боғлиқ айрим баҳсларга тўхталади. Аҳамияти борлигига қараб, бу баҳсларнинг қисқача изоҳини келтиришни зарур деб ҳисоблаймиз.
1. Термизий, бу бобнинг ҳадисини ҳасан-саҳиҳ дейди. Ҳолбуки, имомларнинг кўпи бу ҳадиснинг заиф эканини қайд этишади. Шу билан бирга пайпоқ устига масҳ тортиш ҳақида марфуъ ва саҳиҳ тарзида бирор ҳадис ривоят қилинмаган. Барча ривоятлар борасида танқидий сўз қилинган.
2. «Жавраб» («жўроб»,«пайпоқ») калимаси тафсири ҳақида уламолар орасида ихтилоф бўлган. Маждиддин Фирузободий «Қомус» (луғат) китобида ва Абул Файз Муртазо «Тож-ул-арус» китобида «жавроб» (жўроб)нинг оёқ кийими эканини айтиб, Ат-Тоййибий, «теридан тикилган бир оёқ кийими», бўлиб, тиззагача кийилади ва бу маҳси деб танилган», дейди. Фирузободийнинг тафсири умумий (оммавий) ва оёққа кийиладиган ҳамма нарсага тегишлидир. У хоҳ теридан бўлсин, хоҳ жун, ё қилдан ёки ҳар қандай нарсадан тўқилган бўлсин, кейин, хоҳ қалин бўлсин, хоҳ юпқа бўлсин, ҳатто тикилган ёки тикилмаган оёқ кийимларига ҳам тегишлидир. Ат-Тоййибий, Шавқоний ва Шайх Абдулҳақнинг тафсирларига биноан, «жавроб», жилд (тери) маҳсулоти бўлиб маҳсининг бир туридир ва маҳсидан каттарокдир.
Абу Бакр Ибнул-Арабий ва Ал-Айнийнинг тафсирларига биноан, юнгдан тўқилган оёқ кийими «жавроб» дейилади. Ҳанафий имомларидан бўлган Шамс-ул-Аимма Ал-Ҳулвоний фикрича, «жавроб»(жўроб) беш хилдир: теридан, жундан, қилдан, юпқа теридан ва пахтадан қилинади. Каноп ва ипак тўқималар пахта газмоллари туридан ҳисобланган. «Жавроб» тафсиридаги ихтилоф икки жиҳатдандир: биринчиси, «жавроб» қайси матоҳдан (моддадан) қилингани, иккинчиси эса «жавроб»нинг ҳажми (ўлчами) ҳақидадир. Луғатшуносларнинг бу сўз устидаги ихтилофлари, «жавроб»нинг (пайпоқнинг шакли ва саноати (тўқилиши), мамлакатларга қараб ўзгарганлигидан келиб чиққан бўлиши мумкин: баъзи ўлкаларда теридан, баъзи юртларда жундан ва қайсидир ўлкаларда ҳар хил нарсалардан қилинади. Ҳар бир луғатчи «жавроб»ни ўз ўлкасида тўқилган шаклга қараб тафсир қилган. Бирови эса, Фирузободий каби, ҳар бир юртда бўладиган ҳар хил, турига тегишли қилиб, тафсир этган.
3. «Жавроб» (пайпоқ) устига масҳ тортиш борасида имомлар мазҳабининг хулосаларига келсак, Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад, қалин (зич) ва маҳкам тўқилган пайпоқлар устига масҳ тортишда зарар йўқ, деб ҳисоблайдилар. Оёқда боғсиз (боғичсиз) тура оладиган даражада қалин бўлишини кўзда тутганлар. Имоми Абу Ҳанифа соҳибайн (икки биродари, Имоми Абу Юсуф ва Муҳаммад) қавлига ружуъ этгани ривоят қилинади. Имоми Молик Имом Аъзамнинг эски қавлига эга бўлиб, пайпоқлар устига масҳ тортиш жоиз бўлиши учун, пайпоқлар қалин бўлиши кераклигини ва айни вақтда, тагларига теридан товон (пошна) урилиши лозимлигини шарт қилиб қўяди. Шофиъий ва Аҳмад (ибн Ҳанбал) мазҳабига келсак, Термизий бу мазҳаб фикрини ҳадиснинг изоҳида шарҳлаб ўтди. (Муҳтарам китобхонга, «Мухтасар ул-Виқоя»нинг ўзбекча шарҳи («Мажмаъ ул-мақсуд») китобининг «Бу фаслда масҳнинг баёни» бобини ўқиб амал қилишликни эҳтиёт юзасидан тавсия қиламиз. - Таржимон иловаси).
4. Ҳадиси шарифда «пайпоқларининг ва пойабзалларнинг устига масҳ тортдилар» дейилмоқда. Бу ўринда «Пойабзал» деб таржима қилинган «наъл» сўзи аслида оёқни ердан сақлаган ҳар турли оёқ кийимига итлоқ (тааллуқли) қилинади. Аммо тўпиқлардан паст бўлган оёқ кийими устига масҳ тортмоқ жоиз эмас. Бунинг устига, Ат-Тоййибий пойабзални пайпоқларнинг устидан кийган, деган маъно берган. Ал-Хаттобий, «Ал-маъолим» китобида «зоҳир бўлган (юзага чиққан) маъно шу», дейди. Таҳовий, «Шарҳ ул-осор» китобининг «Пойабзал ўстига масҳ тортмоқ» бобида бундай дейди: «Остидан (ичидан) пайпоқ кийилган пойабзаллар устига масҳ тортди ва буни қилганда пайпоқларни ният қилиб, бажарди. Негаки, пойабзал бўлмаса, пайпоқлар устига масҳ тортиши мумкин эди. Аммо нияти, фақатгина пайпоқлари устига масҳ тортиш бўлгани ҳолда, ҳам пайпоқларнинг, ҳам пойабзалнинг устига масҳ тортди. Бунда мўътабар (эътиборли) бўлган масҳ пайпоқлар устига тортиладиган масҳдир, шу билан бирга, пойабзал устига масҳ тортилиши эса устундир». Ҳадис ҳақида бошқа тафсир ва таъвиллар ҳам бор. Буларнинг ҳеч бири такаллуфдан ва инсонга, эҳтимоли бўлмаган маъно юкламоқдан ҳоли эмас.