Мусофир ва муқим кишиларнинг маҳси устига масҳ тортмоқлари
Софван ибн Ассал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга, сафарда бўлган чоғимизда, уч кеча-кундуз маҳсиларимизни ечмасликни, илло жунуб бўлгандагина ечишни, лекин катта қазои ҳожат, пешоб қилиш ва ухлаганлик туфайли ечмасликни амр қилдилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ал-Ҳакам ибн Утайба ва Ҳаммод бу ҳадисни Иброҳим Ал-Наҳоийдан, Абу Абдуллоҳ Ал-Жабалийдан, Хузайма ибн Собитдан ривоят қилишдики, бу ривоят саҳиҳ эмас. Али ибн Ал-Маданий айтадики, Яҳё ибн Саъид, Шуъбадан нақл этиб, бундай дейди: «Абу Абдуллоҳ Ал-Жабалийдан Иброҳим Ан-Наҳоий масҳ ҳадисини эшитмаган».
Зоида Мансурдан нақлан бундай дейди: «Иброҳим Ат-Таймийнинг ҳужрасида эдик, Иброҳим Ан-Наҳоий ҳам биз билан бирга эди. Иброҳим Ат-Таймий бизга масҳ ҳадисини Амр ибн Маймундан, Абу Абдуллоҳ Ал-Жабалийдан, Хузайма ибн Собитдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл этди».
Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий) айтадики, «Софван ибн Ассал Ал-Муродийнинг ҳадиси бу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг чиройлисидир».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан илм одамларининг кўплари ва кейингиларидан Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ каби фиқҳ аҳлининг қавли ушбудир: «Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кун, яъни уч кеча-кундуз маҳсиларига масҳ тортишлари мумкин».
Илм аҳлидан баъзилари, масҳ тортиш учун вақт белгиланмаганлигини ривоят қилишади. Молик ибн Анаснинг қавли ҳам шундай. Аммо тавқид (вақт белгилангани) саҳиҳроқдир.
Имоми Молик ва Лайс фикрича, маҳсиларга масҳ тортишнинг муаяйан бир муддати йўқ. Покланган ҳолда маҳсисини кийган киши, хоҳ сафари бўлсин, хоҳ муқим бўлсин, (уч кун ва бир кун орасида) истаган муддатгача маҳсиларига масҳ тортиши мумкин. Ҳазрати Умар ибн Ал-Хаттоб, Уқба ибн Омир, Абдуллоҳ ибн Умар ва Ҳасан Ал-Басрий ҳам шу фикрда эканликлари ривоят қилинган. (Шавқоний).
Бу ҳадис Осимнинг ривоятидан бошқа важҳдан ҳам Софван ибн Ассалдан ривоят қилинган.