Маҳсилар устига масҳ тортмоқ
Шаҳр ибн Ҳавшабдан ривоят қилинди; у деди: «Жарир ибн Абдуллоҳни кўрдим, таҳорат олди ва маҳсилари устига масҳ тортди. Ундан бу иш ҳақида сўраган эдим, айтдики, «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, таҳорат олдилар ва маҳсилари устига масҳ тортдилар». Жарирдан сўрадим (дейди ровий): «Бу ҳол «Моида» (сурасидаги оят)дан олдин бўлганмиди ёки «Моида»дан кейинми? Шунда у бундай деди: «Мен асли «Моида»дан кейин Исломга кирганман».
Бу ҳадисни Қутайба бизга Холид ибн Зиёд Ат-Термизийдан, Муқотил ибн Ҳаййандан, Шаҳр ибн Ҳавшабдан, Жарирдан баён қилди.
Бу ҳадис тафсирга (таъвилга) мавзу бўлди. Чунки, маҳси устига масҳ тортишни қабул қилмаганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳсилари устига масҳ тортишлари «Ал-Моида» сураси нозил бўлишидан олдин бўлган деб таъвил қилишади. Жарир ўз ҳадисида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Моида» нозил бўлишидан кейин маҳсилари устига масҳ тортганларига гувоҳ эканини билдирмоқда.