Маҳсилар устига масҳ тортмоқ
Хаммом ибн Ҳорисдан ривоят қилинди; у деди: «Жарир ибн Абдуллоҳ пешоб қилди. Кейин таҳорат олди ва маҳсилари устига масҳ тортди. Унга: «Нега бундай қилдинг?» дейилди. Айтдики, «Бундай қилишимга нима монелик бор? Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини кўрдим». Иброҳим айтади: «Улар Жарирнинг ҳадисини яхши кўришарди. Чунки у (Жарир) «Моида» (сураси) нозил бўлганидан кейин Исломга кирган». «Улар Жарирнинг ҳадисини яхши кўришарди» жумласи Иброҳимнинг сўзидир.
«Ал-Моида» сураси, 6-ояти. Бу оятда оёқларни ювишга буюрилган. Жарир, бу оят нозил бўлишидан аввал Исломга кирган бўлса эди ва ўшанда бу ҳадисни эшитган бўлса эди, бу оят маҳсилар устига масҳ тортиш ҳукмини бекор қилган бўларди. Аммо бу оят тушишидан кейин мусулмон бўлгани учун, ҳадис оятнинг умумига (тўлиқ) тегишли эканини билдирмоқда. (Яъни, бу ҳадис маҳсига масҳ тортиш мумкин ва бу суннат эканини исботламоқда).
Бу бобда (Ҳазрати) Умар, Ҳазрати Али, Ҳузайфа, Ал-Муғийра, Билол, Саъд, Абу Аййуб, Салмон, Бурайда, Амр ибн Умаййа, Анас, Саҳл ибн Саъд, Яъло ибн Мурра, Убода ибн Ас-Сомит, Усома ибн Шорик, Абу Умома, Жобир, Усома ибн Зайд, Ибн Убода — уни Ибн Умора деб аташади — ва Убай ибн Умора (розияллоҳу анҳум ажмаъийн)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Жарирнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.