Мушукнинг сарқити
Каъб ибн Моликнинг қизи Кабшадан ривоят қилинди: У (Кабша) Абу Қатоданинг ўғли ҳузурида (никоҳида) эди. Абу Қатода (бир куни) уларнинг уйига кирди. (Кабша) айтадики, «У кишига таҳорат суви келтирдим. Шу пайт сувсаган бир мушук келиб қолди. (Абу Қатода) идишни элтиб, мушукка сув ичирди. Менинг қараб қолганимни кўриб, айтдики, «Эй биродаримнинг қизи! (Бундан) ажабландингми?» «Ҳа», дедим. (Шунда) деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мушук нажас эмас. Чунки, у ҳамиша атрофингизда айланиб юрадиган жониворлардандир».
Абу Қатоданинг ўғли Ал-Ҳорис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суворийларидан эди. Ҳаббон, Ал-Ҳориснинг хотини Кабша ҳам саҳобалардан эканини айтади.
Бу ўриндаги «биродарлик»дан мурод — Ислом ва дин биродарлигидир. Бегона бўлса ҳам бировга: Эй биродарзодам!» деб ёки «Эй жияним (амакиваччам)» деб хитоб қилиш арабларнинг одатидир. (Муборакфурий).
Баъзилар, Кабша - Абу Қатоданинг хотини эканини Моликдан ривоят қиладилар. Ҳолбуки, у Абу Қатоданинг ўғли (никоҳи)да бўлгани тўғридир.
Бу бобда Оиша ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳумо)дан ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва табаъи тобиъийндан бўлмиш кўпчилик илм одамларининг қавли шу. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ шулардандир. Мушуқдан қолган сувни зарарсиз, деб ҳисоблайдилар.
Бу ҳадис ушбу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг яхшисидир. Молик бу ҳадисни Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Талҳадан энг яхши шаклда ривоят қилган ва буни Моликдан кўра яхшироқ ривоят қилган киши бўлган эмас.