Таҳорат ушатаётганда саломга алик олмоқ кароҳат эканлиги
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешоб қилаётган эдилар, бир киши салом берди; саломига алик олмадилар».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Бизнингча, фақат катта ва кичик қазои ҳожат қилаётган вазиятда бўлса, салом бермоқ макруҳ. Баъзи муҳаддислар шундай тафсир (таъвил) қилишган.
Аммо казои ҳожат қилиб бўлган ва ўрнидан турган бўлса, саломига алик олиш кароҳат эмас. Бу бобда ҳадисга қараб сарлавҳа қўйдик. Термизий эса «Таҳоратсиз ҳолда саломга алик олмоқнинг кароҳат эканлиги» деб сарлавҳа қўйганлар. Бу ҳолатда сарлавҳа умумий (омма учун), ҳадис эса хосдир. Ҳадис билан сарлавҳа орасида мутобақат (мувофиқлик) кўринмайди.
Бу ҳадис ушбу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг чиройлисидир. Айниқса, бу бобда Ал-Муҳожир ибн Кунфуз, Абдуллоҳ ибн Ҳанзала, Алқама ибн Ал-Фағво ҳамда Ал-Барродан биттадан ҳадис ривоят қилинган.