Қусганда ва бурун қонаганда таҳорат лозим бўлиши
Абуд-Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайт қилдилар, шунда рўзаларини очдилар ва (янгитдан) таҳорат олдилар». (Маъдан ибн Абу Талҳа айтадики), Дамашқ (Шом) масжидида Савбон билан учрашиб қолдим ва унга бу ҳадисни баён қилдим. Дедики, «Рост айтибди, мен (ўшанда) Расулуллоҳнинг қўлларига таҳорат суви қуйиб турган эдим».
Исҳоқ ибн Мансур «Маъдан ибн Талҳа» деб айтади. Ҳолбуки, «Маъдан ибн Абу Талҳа» дегани тўғрироқ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан мутааддид илм одамларининг хулосаси шу нуқтададир: Қусганда ва бурун қонаганда таҳорат лозим бўлади, деган фикрга эга бўлганлар. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Бошқа бир илм кишилари эса бундай дейди: «Қусганда ва бурун қонаганда таҳорат (янгилаш) йўқ». Бу эса Молик ва Шофиъийнинг қавлидир.
Ҳусайн Ал-Муаллим бу ҳадиснинг жаййид (сара) эканини қайд этган. Ҳусайннинг ҳадиси ушбу бобда ворид бўлган ҳадисларнинг энг саҳиҳидир.
Маъмар бу ҳадисни Яҳё ибн Касирдан ривоят қилади ва санадида янглишиб, бундай дейди: «Ваиш ибн Ал-Волиддан, Холид ибн Маъдандан, Абуд-Дардодан». Бир томондан, санадда «Ал-Авзоий»ни зикр этмаса, иккинчи томондан «Холид ибн Маъдан» дейди; Ҳолбуки, у «Маъдан ибн Абу Талҳа»дир.