Ўпиш туфайли таҳорат лозим эмаслиги
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жуфти ҳалолларидан бирини ўпдилар ва таҳорат олмасдан, намозга чиқдилар». (Урва айтади): «У сиздан бошқа ким бўларди?!» - дедим. Шунда Оиша (розияллоҳу анҳо) кулдилар».
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан мутааддид илм кишилари шу фикрда эканликлари ривоят қилинган. Суфён Ас-Саврий ва Куфа аҳлининг қавли ушбудир; улар ўпиш туфайли таҳорат лозим бўлмайди, деган тўхтамдалар.
Ҳазрати Али, Ибн Аббос, Ато, Товус ва Абу Ҳанифа шу қавлга эга бўлганлар. Буни Оиша онамизнинг шу бобдаги ҳадиси билан истидлол (далил-исбот) қиладилар. Бу ҳадис заиф бўлиши билан бирга бир-бирини тақвия этадиган (қувватлайдиган) бир қанча йўлдан ривоят қилинган.
Молик ибн Анас, Авзоий, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ, ўпганда таҳорат олиш кераклигини айтадилар. Бу эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъийндан мутааддид илм одамларининг қавлидир.
Ибн Масъуд, Ибн Умар ва Аз-Зуҳрий шу қавлга эга бўлганлари ривоят қилинган. Булар «Моида» сурасининг 6-оятида келган:. «Ёки хотинларингизга теккан бўлсаларингиз» қавли билан истидлол (далил-исбот) қиладилар. Бу ўринда оятдаги «ламс» ва «муломаса» «қўл билан тегинмоқ» маъносида эканини баён қилмоқдалар. Ҳофиз Имомуддин, имом ва муфассирлар, бу оят тафсирида икки қавлга эга бўлганларини, бир гуруҳлари «қўл билан тегинмоқ» деб, бир гуруҳлари эса «жимоъ (яъни қўшилмоқ, хотин билан жинсий муомала қилмоқ)» маъносида деб тафсир қилганларини айтади. Бу орада, Ибн Аббос ушбу оятни «жимоъ (қўшилмоқ)» деб тафсир қилгани баён этилганки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуосига сазовор бўлган бу зотнинг тафсири ишонч ва эътимод (таянч) бергувчидир. Негаки, Ҳазрати Али (карромаллоҳу важҳаҳу) ва кўпгина саҳобалар шу қавлни ёқлашган. Шайх Муборакфурий ҳам «Туҳфат-ул-аҳвозий» номли Ат-Термизий китоби шарҳида шу қавлни афзал кўрган.
Оиша (онамиз розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисни биродарларимиз тарк этганининг ягона сабаби - ҳадиснинг иснод жиҳатидан аҳволини саҳиҳ деб кўрмаганларидир.
Абу Бакр Ал-Аттор Ал-Басрийнинг Али ибн Ал-Маданийдан нақлан бундай деганини эшитдим: «Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон бу ҳадисни чиндан заиф деб топди ва унинг йўқ ҳукмида (ҳукми йўқ) эканини айтди. Бошқа томондан, Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий) бу ҳадисни заиф деб топганини ва «Ҳабиб ибн Абу Собит, Урвадан эшитган» деганини унинг ўзидан эшитдим.
Иброҳим Ат-Таймийдан, Оиша (онамиз)дан бундай деб ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оишани ўпганлар ва таҳорат олмаганлар». Бу ҳадис ҳам саҳиҳ эмас. Чунки, Иброҳим Ат-Таймийнинг Оиша (онамиз)дан ҳадис эшитганини билмаймиз.
Бу бобда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ тарзида бирон ҳадис ривоят қилинмаган.