Закарга қўл теккизиш туфайли таҳорат лозим эмаслиги
(Ҳазрати) Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «У (закар) инсондан бир гўшт парчаси ёки унинг бир қисмидир, холос!».
Бу бобда Абу Умомадан ҳадис ривоят қилинган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча саҳобаларидан ва айрим тобиъийнлардан, закарни ушлаганда таҳорат лозим эмас, деган фикрда эканликлари ривоят қилинади. Куфа аҳлининг ва Ибнул-Муборакнинг қавли шудир.
Ал-Хозимий «Китоб ул-эътибор»нинг 40-саҳифасида бундай дейди: «Илм одамлари бу масалада ихтилоф қилишган. Бировлари Толқ ибн Алининг ҳадисига амал қилиб, закарни ушлаш туфайли таҳорат лозим эмас, деб айтишган. (Ҳазрати) Али ибн Абу Толиб, Аммор ибн Ёсир, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Хузайфа ибн Ал-Ямон, Имрон ибн Ҳусайн, Абуд-Дардо, Саъд ибн Абу Ваққос (икки ривоятдан бирига биноан), Саъид ибн Ал-Мусаййаб (икки ривоятдан бирига биноан), Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Ан-Наҳоий, Робиъа ибн Абдурраҳмон, Суфён Ас-Саврий, Абу Ҳанифа ва биродарлари, Яҳё ибн Маийн ва Куфа ахлининг шу тўхтамда эканликлари ривоят қилинган». Булар, Толқ ибн Алининг шу бобдаги ҳадиси билан истидлол (далил-исбот) қиладилар. Ибнул-Ҳумом, Софваннинг қизи Бусронинг ҳадиси хақида (ўтган «Закарига қўл теккизганда таҳорат лозим бўлиши» бобнинг ҳадиси) бундай дейди: «Толқ ибн Алининг ҳадиси ундан устундир. Чунки, эркакларнинг хотира ва қамровлари соғломроқ бўлганидан, ривоятлари ҳам кучлироқдир. Ана шу сабаб билан икки аёлнинг шоҳидлиги бир эркакнинг гувоҳлиги мартабасида тутилган».
Бу ҳадис ушбу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг ҳасанидир. Аййуб ибн Утба ва Муҳаммад ибн Жобир шу ҳадисни Қайс ибн Толқдан, унинг отасидан ривоят қилишган. Баъзи муҳаддислар, Аййуб ибн Утба билан Муҳаммад ибн Жо-бирни танқид қилишади. Мулозим ибн Амрнинг Абдуллоҳ ибн Бадрдан ривоят қилган ҳадиси саҳиҳ ва янада ҳасандир.