Закарига қўл теккизганда таҳорат лозим бўлиши
Бусро бинти Софван (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки закарига қўл теккизса, токи таҳорат олмагунича, намоз ўқимасин».
Бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Аййуб, Абу Ҳурайра, Арво бинти Унайс, Оиша, Жобир, Зайд ибн Холид ва Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинди.
Бу ҳадис саҳиҳ. Буни мутааддид кишилар шу тарзда Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан, Бусродан ривоят қилишган.
Абу Усома ва бошқалар шу ҳадисни Ҳишом ибн Урвадан, унинг отасидан, Марвондан, Бусродан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан ривоят қилдилар. Шу ҳадисни бизга, Абу Усомадан нақл этиб, Исҳоқ ибн Мансур сўзлаб берди.
Худди шу ҳадисни Абуз-Занод Урвадан, Бусродан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган. Шу ҳадисни бизга Али ибн Ҳижр сўзлаб берди ва айтдики, «Бизга Абдурраҳмон ибн Абуз-Занод ўз отасидан, Урвадан, Бусродан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтириб сўзлаб берди». Ўтган ҳадиснинг ўзи.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва тобиъйндан мутааддид кишиларнинг қавли шудир. Авзоий, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ҳам шудир. Муҳаммад айтадики, «Бу бобдаги энг саҳиҳ ҳадис Бусронинг ҳадисидир».
Абу-Зуръо, «Умму Ҳабибанинг бу бобдаги ҳадиси саҳиҳдир», дейди. Бу ҳадис Ал-Аъло ибн Ал-Ҳорис, Макҳулдан, Анбаса ибн Абу Суфёндан, Умму Ҳабибадан ривоят қилган ҳадисдир.
Муҳаммад (Ал-Бухорий) бундай дейди: «Макҳул Анбаса ибн Абу Суфёндан эшитмаган. Макҳул бошқа бир ҳадисни Анбасадан бир ровий орқали ривоят килаётир». Муҳаммад бу ҳадисни саҳиҳ деб кўрмагани тушунилмоқда.