Туя гўшти (ейиш) туфайли таҳорат лозим бўлиши
Ал-Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, Туя гўшти еганда таҳорат (олиш) лозим бўладими? - деган савол сўралди. Шунда айтдилар: «Ундан еганда таҳорат олингизлар!». (Сўнг) Қўй гўштларидан (еганда) ҳам таҳорат олинадими? — деб сўралди». Шунда бундай дедилар: «Қўй гўштларидан еганда (агар таҳоратли бўлсангизлар) таҳорат олмангизлар!».
Бу бобда Жобир ибн Самура ва Усайд ибн Ҳузайрдан ҳадис ривоят қилинган. Ал-Ҳажжож ибн Артоа бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳдан, Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан, Ал-Барро иби Озибдан ривоят қилади. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Убайда Ад-Даббий эса, Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Ар-Розийдан, Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан, Зул-Ғурро Ал-Жуҳанийдан ривоят қилади.
Ҳаммод ибн Салама эса Ал-Ҳажжож ибн Артоадан ривоят қилади ва исмда янглишиб, «Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан, унинг отасидан, Усайд ибн Ҳузайрдан», дейди. Саҳиҳ ривоят ушбу: Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Ар-Розийдан, Абдурраҳмон ибн Аби Лайлодан, Ал-Барро ибн Озибдан».
Бу бобда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан иккита ҳадис саҳиҳ бўлиб келган: Ал-Барронинг ҳадиси билан Жобир ибн Самуранинг ҳадиси.
Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Тобиъийндан ва табаъи тобиъийндан баъзи илм одамлари, туя гўшти туфайли таҳорат лозим бўлмайди, деган фикрда эканлари ривоят қилинган. Суфён Ас-Саврий ва Куфа фақиҳларининг қавли ҳам шудир.
«Туя гўшти еганда таҳорат лозим бўлиш-бўлмаслиги борасида олимлар ихтилоф қилишди. Кўплари, туя гўшти ейиш таҳоратни бузмайди, деган фикрга эга бўлишган. Хулафои рошидийн - Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, шунингдек, (Абдуллоҳ) Ибн Масъуд Убай ибн Каъб, Ибн Аббос, Абуд-Дардо, Абу Талҳа, Омир ибн Робиъа, Абу Умома, (розияллоҳу анҳум ажмаъийн) тобиъийнларнинг ҳаммаси, Молик, Абу Ҳанифа, Шофиъий ва биродарларининг қавли шудир. Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Раҳовайҳ, Яҳё ибн Раҳовайҳ, Яҳё ибн Яҳё, Абу Бакр ибн Ал-Мунзир ва Ибн Ҳузайманинг фикрича, туя гўшти таҳоратни бузади. Ҳофиз Абу Бакр Ал-Байҳақий ҳам шу қавлни танлаган. Булар Ал-Барро ибн Озибнинг ҳадиси билан истидлол (далил-исбот) этишади.
Бу йўл, жумҳурнинг мухолафатига (қаршилигига) қарамай, далил жиҳатдан кучлироқ. Жумҳур эса, оловда пишган таом туфайли таҳорат лозим бўлмайди, деган ҳадис билан тамассук (сабр-таҳаммул) қилмоқдаки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган энг охирги ҳукм шудир. Аммо бу ҳадис ҳадиси омма (оммавий, умумий) ва туя гўшти еганда таҳорат лозим бўлади, деган ҳадис - ҳадиси хосдир. (Ан-Нававий).