Оловда пишган таом (ейиш) туфайли таҳорат лозим эмаслиги
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва мени ёнларига олиб Ансорийлардан бўлмиш бир хотиннинг уйига кирдилар. Хотин у кишига бир қўй сўйди ва у киши (қўй гўштидан) едилар. Кейин бир идишда янги хурмо келтирди, ундан ҳам едилар. Кейин таҳорат олиб, намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг, хотин у кишига қўйнинг қолган гўштидан яна келтирди ва (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) едилар. Кейин эса (янги) таҳорат олмасдан, аср намозини ўқидилар».
Бу бобда Абу Бакр Сидднқ Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Абу Рофиъ, Уммул-Ҳакам, Амр Ибн Умаййа, Умму Амир, Сувайд ибн Ан-Нуъмон ва Умму Салама (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Ҳазрати Абу Бакрнинг бу бобдаги ҳадиси исноди жиҳатидан саҳиҳ эмас, ёлғиз Ҳусом ибн Мисоқ бу ҳадисни Ибн Сийрийндан, Ибн Аббосдан, Абу Бакрдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. Саҳиҳ ҳадис эса Ибн Аббосдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилинган ривоятдир. Ҳадис ҳофизлари ана шундай ривоят қилишган. Чунончи, бу ҳадис Ибн Сийрийндан, Ибн Аббосдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган. Ато ибн Ясор, Икрима, Муҳаммад ибн Амр ибн Ато, Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ва яна бошқалар буни Ибн Аббосдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар ва «Абу Бакр Сиддиқдан» демадиларки, бу ривоят янада саҳиҳроқдир.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва табаъи тобиъийндан бўлган илм одамларининг кўпи наздида амал шу ҳадис асосидадир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ ҳам шулардандир: Олов теккан таом туфайли таҳорат лозим эмас, деган тўхтамдалар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган икки ҳукмнинг охиргиси шудирки, бу ҳадис биринчи ҳадисдаги «олов теккан ҳамма нарса туфайли таҳорат олиш лозим бўлади», деган ҳукмни бекор қилувчи моҳиятга эгадир.