Оловда пишган таом (ейиш) туфайли таҳорат лозимлиги
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олов теккан ҳамма нарса, ҳатто пишлоқ парчаси (ейиш) туфайли ҳам таҳорат олиш лозим бўлади», - деб айтдилар. Шунда Ибн Аббос: «Ё Абу Ҳурайра! Ёғ (ейиш) туфайли ҳам таҳорат оламизми? Қайноқ сув (ичиш) туфайли ҳам таҳорат оламизми?..» — деб сўради. Шунда Абу Ҳурайра айтди: «Эй биродарзодам! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис эшитдингми, унга мисол тонишга уринма!».
Баъзи илм аҳллари оловда пишган таом ейиш туфайли таҳорат лозим бўлади, деб айтишган. Уларнинг далили - шу ҳадис. Аммо илм аҳлининг кўпи, кейин шарҳланганидек, бу ҳадиснинг (ҳукми) мансух (бекор) бўлганини айтишади. Ёғ ва қайноқ сув деганда оловда пиширилган ёғ ва қайнатилган (иситилган) сув назарда тутилган.
Бу бобда Умму Ҳабиба, Умму Салама, Зайд ибн Собит, Абу Талҳа, Абу Аййуб ва Абу Мусо (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган. Баъзи илм кишилари, оловда пишган таом (ейиш) туфайли таҳорат олиш лозим, деган фикрга эга бўлишган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндаи ва табаъа тобиъийндан бўлмиш илм одамларининг кўпи эса, таҳорат олиш лозим эмас, деган фикрдалар.