Ел чиқарганда ҳиди сезилса, таҳорат олиш лозим бўлади
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сизлардан биронтангиз масжидда бўлиб, икки бути орасидан бирор ҳид сезса, токи ел овозини эшитмагунича ёки ҳидини пайқамагунича чиқиб кетмасин».
Имом Ан-Нававий бу ҳадис тўғрисида бундай дейди: «Бу ҳақиқий ҳадислардан биридир ва диний қоидалардан улкан бир қоидадир. Дарвоқе, ҳар нарсанинг хилофи (акс ҳоли) аниқ маълум бўлмагунича, асл ҳоли сақланиб қолган, деб ҳукм қилинади ва бу асл (ҳолат) шубҳа- гумон ва иккиланиш билан йўқ бўлмайди. Шу қоидага кўра, таҳорат олганини аниқ билиб тургач, таҳоратига шубҳа қилган киши таҳоратлидир, деб ҳукм қилинади».
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Зайд, Али ибн Толқ, Оиша, Ибн Аббос, Ибн Масъуд ва Абу Саъид (розияллоҳу анҳум)дан биттадан ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Умоманинг қавли ушбудир: «Фақат ҳадас (ел чиқиши) туфайли таҳорат олиш лозим бўлади, чунончи ел овозини эшитиши ёки ҳидини пайқаши керак». Абдуллоҳ ибн Муборак бундай дейди: «Таҳоратим бузилди, деб шубҳа қилса, унда қасам ичадиган даражада аниқ билмагунича, таҳоратини янгилаши вожиб эмас. Хотин кишининг олдидан ел чиқса, таҳорат олиши вожиб бўлади». Шофиъий ва Исҳоқнинг қавли шудир.
Абу Ҳанифа, аёлнинг олдидан ел чиқса, таҳорат олиши лозим эмас, деб ҳисоблайди. Чунки, бу камдан-кам учрайдиган бир ҳолатдирки, инсон буни билишга қодир эмас. Ибнул-Ҳумом закардан чиққан ел, аслида ел эмас, балки бир ихтилож (андомнинг сакраши) эканини айтиб, «Бу таҳоратни бузмайди» дейди. Шундай қилиб, бу масалада икки хил қавл устида ихтилоф қилинган:
- Хотин кишининг ва эркак кишининг олдидан чиққан ел таҳоратни бузади. Чунки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: олд ва орқа йўллардан чиққан ҳар қандай нарса таҳоратни бузади, деб уқтирганлар. Сабабнинг хусусиятига эмас, балки лафзнинг умумий маъносига эътибор қилинади. Яъни, ел ҳам бир нарсадир, у ҳам таҳоратни бузади. Шофиъийнинг қавли ана шундай.
- Хотин еки эркак кишининг олдидан чиққан ел таҳоратни бузмайди. Чунки, бу аслида ел эмас, балки бир ихтилождан иборатдир. Абу Ҳанифа ана шу қавлга эга бўлганлар.