Эмизикли боланинг сийдиги устига сув тўкиб тозаламоқ
Умму Қайс бинти Миҳсан (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; у дедики, «Эмизикли (ҳали овқат емайдиган) ўғилчамни олиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдим. Бола у кишининг (қўйниларида туриб) кийимларини ҳўл қилиб қўйди. Шунда (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) сув сўраб келтиртириб, сийдик теккан жойга сепдилар».
Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим ҳам ривоят қилишган. Фарқи шуки, Термизий, гўдак сийдиги устига сув сепганларини айтган бўлса, Бухорий ва Муслим, сийдик теккан жойга бутунлай сув тўкканларини айтишади. Ҳофиз ибн Ҳажар, икки маъно орасида, яъни «сув сепмоқ» маъносида келган «рошш» сўзи билан, сув тўкмоқ маъносида келган «надҳ»сўзи орасида қарама-қаршилик йўқлигини, чунки аввал томизиб-томизиб тўкишдан бошлаб, кейин оқизиб тўкканини баён этади. Термизий бу ҳадисни «рошш» ривояти билан тахриж қилган ҳолда, шу бобнинг сарлавҳасида «надҳ» иборасини қўллаётир. Диққат қилинса, таржимада бу хусусга риоя қилинган.
Бу бобда (Ҳазрати) Али, Оиша, Зайнаб, Лубоба бинти Ал-Ҳарс, у Абдулмуттолибнинг ўғли бўлмиш Аббоснинг ўғли Фалднинг онасидир, Абус-Самҳ, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Лайло ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва табаъи тобиъийндан бўлган илм кишиларидан кўпининг қавли ушбудир. Аҳмад ва Исҳоқ ҳам шулар орасида бор; айтадиларки, «Ўғил боланинг сийдиги устига сув тўкилади, қиз боланинг сийдиги бўлса ювиб ташланади».
Ҳофиз ибн-ул-Қаййум «Аълам-ул-муваққийн» китобида бундай дейди: «Бу масалада фақихларнинг уч қавли бор: иккаласининг сийдиги ҳам ювилади; иккисининг ҳам сийдиги устига сув тўкилади; қиз боланинг сийдиги ювилиб, ўғил боланинг сийдиги устига сув тўкилади, Ибнул-Қаййим, ўғил боланинг сийдиги билан қиз боланинг сийдиги ораси ажратилишига асосан уч сабаб кўрсатади ва айтадики, «Ўғил бола қиз боладан уч жиҳатдан фарқлидир:
- ўғил бола қўйинларда (қучоқларда) кўпроқ айланади ва шу сабабдан сийдигини ювишликда қийинчилик ва машаққат пайдо бўлади;
- қиз боладек сийдигини бир жойга оқизмайди, у ер-бу ерга оқизади;
- қиз боланинг сийдиги ёмонроқ ҳид чиқаради. Бу фарқ эркакнинг ҳарорати ва қиз боланинг рутубати (намчиллига) туфайли юзага келади. Чунончи, эркакнинг ҳарорати рутубатни қуритади ва сийдикнинг ҳидланишини озайтиради.
Бу ҳукм, ҳали овқат ея бошламаган эмизикли болаларга оид. Овқат ея бошлаганларида ҳар иккисининг ҳам сийдиги ювилади.