Денгиз суви тозадир
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у бундай дейди: «Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ! Биз денгизда йўл юрамиз ва ўзимиз билан бирга оз сув олиб юрамиз. Ундан таҳорат олсак чанқаб қоламиз. Шу аҳволда денгиз сувидан таҳорат олсак бўладими?» Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «У(денгиз суви) тоза сувдир ва ўлимтиги ҳалолдир».
Шайх Муҳаммад ибн Исмоил «Субул-ус-салом» кнтобида бундай дейди: «Денгизнинг ўлимтига»дан мурод денгизда ўлган ҳар қандай ҳайвон эмас, балки фақат денгизда яшаган ва охири денгизда ўлган жонивордир. Ҳадиснинг зоҳирий маъноси денгизда яшаб, денгизда ўлган ҳар кандай ҳайвон, ҳатто денгиз кучуги ва денгиз тўнғизининг ҳалол эканига далолат этади. Шайх Муборакфурий, илм аҳллари балиқдан бошқа денгиз хайвонлари борасида ихтилоф қилишганини билдириб, кейин баъзи имомларнинг бу масаладаги қарашларини баён қилади. Чунончи, ҳанафийлар наздида балиқдан бошқасининг гўшти ҳаром.
Имом Аҳмад фикрича, қурбақа ва тимсохдан бошқа барча денгиз жониворларининг гўшти ейилади.
Имом Молик ва ибн Лайло, денгизда яшаган ҳамма нарса (гўшти) мубоҳ эканлигини айтади.
Имоми Шофиъийдан бу масалада бир қанча қавл ривоят қилинади. Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳ-ул-борий» китобида, балиқнинг барча турлари ҳалол эканлиги борасида уламолар орасида ихтилоф йўқлигини, фақат инсон, ит, тўнғиз ва илон сингари қуруқликда яшайдиган жонзодларга ўхшаш денгиз ҳайвонлари борасида ихтилоф бўлганини айтади. Бошқа бир қавлда эса, Имом Моликдай, денгизда яшаган ҳамма нарса мубоҳ эканини таъкидлайди. Денгиз жонзодларидан қуруқликда ўхшаши борлари ҳақида Шофиъий бундай дегани ривоят қилинади: «Қуруқлиқда ўхшаши борлари мубоҳ бўлса, унинг гўшти ҳам мубоҳ, агар ҳаром бўлса, унинг гўшти ҳам ҳаром».
Бу бобда Жобир ва Ал-Фиросийдан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлмиш фиқҳ одамларидан кўпчилигининг қавли бундай; улар орасида Ҳазрати Абу Бакри Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) ҳам борлар: «Денгиз сувида монеълик йўқ». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари эса денгиз сувида таҳорат олишни макруҳ деб ҳисоблашган. Ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Амр ана шулардан. Абдуллоҳ ибн Амр денгиз сувини «У оловдир!» дейди...