(кўп ва оқар) сувни ҳеч нарса булғай олмайди
Абу Саъид Ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Айтилдики, «Ё Расулуллоҳ! Бузоъа қудуғидан таҳорат олаверайликми? У қудуққа ҳайз латталари, итларнинг ўлиги ва сассиқ нарсалар ташланган?!». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳақақки, (кўп) сувни ҳеч нарса булғай олмайди!».
Бузоъа, Хазраж қабиласининг бир уруғи бўлмиш Бани Саида (Саида ўғиллари)га мансуб бир оиланинг номидир. Қудуқ (ўра) шу оилага нисбат берилган. Ат-Тоййибий, ўша нопок ва мурдор нарсалар мусулмонлар томонидан қудуққа ташланмаган, балки сел ва шамоллар оқизиб ва учириб келтирган, деган эҳтимолни баён этади. Муборакфурий кўпгина илм кишилари шундай фикрда эканлигини билдириб, «Зоҳир ва муқаррар гап шудир!» дейди.
Бу ҳадис ҳасан.
Абу Усома бу ҳадисни жаййид (сара) дейди. Абу Саъиднинг Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадисини, Абу Усоманинг ривоятидан кўра ҳасан (чиройлироқ) қилиб ҳеч ким ривоят қилмаган.
Бу ҳадис Абу Саъиддан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган деб топилади.
Бу бобда Ибн Аббос ва Оиша (онамиз)дан ҳам ҳадис ривоят қилинган.
Муборакфурий, Термизий асарларига ёзган «Туҳфат-ул-аҳвозий» номли шарҳида бу ҳадис билан боғлиқ бир қанча фоидани (изоҳ, маълумотни) зикр қилади. Бу ўринда шу фойдаларга юзланмоқ фойдали бўлар деб ўйлаймиз. Шунинг учун мухтасар қилиб шарҳлаб ўтамиз.
А) Бузоъа қудуғи (ҳовузи) Мадинада таниқли бир чоҳ эди. Кўл эмас, полизларни суғорадиган ҳовуз ҳам эмасди. Шундай бўлса эди, асосан қудуқ (арабча «бийр») деб аталмасди. Қудуқ оғзининг ўлчами (диаметри) олти аршин эди. «Ҳидоя» муаллифи Бузоъа қудуғи суви полизларга оққаиини айтган. Шунингдек, Таҳовийнинг «Полизларга борадиган сув Бузоъа қудуғидан келарди», деган даъвоси ҳам далилсиз ва асоссиздир.
Б) Сувнинг қатъиян, ҳатто ичига тушган нажосат туфайли ҳам ранги, таъми ёки ҳиди ўзгарса ҳам, булғанмаган деб айтадиган зоҳирийлар, шу бобдаги ҳадис билан далил-исбот қилишади.
Зоҳирийлардан бошқа барча мазҳабликлар бу ҳадиснинг умумий маъносини (ҳукмининг миқёсини) белгилашган.
Абу Умома марфуъ тарзида ривоят қилган ҳадис билан Ибн Можа томонидан тахриж қилинган бу ҳадис бундай: «Сувни ҳеч нарса булғай олмайди, фақат ҳидини, таъмини ва рангини ўзгартирса, (шунда сув булғанган) бўлади)». Моликийлар (Имоми Молик тарафдорлари) шу ҳаднсга таяниб, сувнинг ранги ё таъми ёки ҳиди ўзгарса, булғашан бўлади, деб иқрор бўлншган.
Шофиъийлар бу ҳадиснинг умумий маъносини «қуллатайн» (икки қулла) ҳадиси билан белгилашган. У ҳадис саҳиҳдир ва Ҳазрати Термизий ушбу бобдаги ҳадиснинг кетидан ўша ҳадисни зикр қилади. («Қуллатайн» (икки қулла) истидоҳининг изоҳи кейингн ҳадисда келади.) Сув «куллатайн», яъни икки кулла миқдорида бўлса, ранги, таъми ёки ҳиди ўзгармагунча, булғанмайди, аммо икки қулладан оз бўлса, уч сифатидан биронтаси ўзгармаса ҳам, булғанади.
Ҳанафийлар эса ҳадиснинг умумий маъносини нуқтаи назар ва ижтиҳод билан белгилашган. Нажосат кўшилмаган сувнинг миқдорини аниқлаш ва белгилашда ҳанафийларнинг ўн икки, ҳатто ўн тўрт қавли бор. Имоми Муҳаммад «Ал-Муваттаъ» китобининг 66-саҳифасида бундай дейди: «Ҳовуз катта бўлиб, бир учи чайқатилганда нарига учи тебранмаса, (яъни, ҳовузнинг бир учида пайдо бўлган тўлқин иккинчи учига қадар етмаса), бу ҳовузга тушган нопок нарса сувни нопок қилмайди: борди-ю, ҳидини ёки таъмини ўзгартирса, унда сув булғанади. Агар ҳовуз кичик бўлса-ю, бир учи чайқатилганда иккинчи учи тебранса, у ҳовуздан итлар сув ичса ёки унга нопок нарса тушса, ундан таҳорат олинмайди. Бу айтганларимнинг ҳаммаси Имоми Абу Ҳанифанинг қавлидир». Ҳанафийлар чайқатиш йўли билан тайин ва тахдид қилган қавл ана шу. Улардан олдинги олимлар ана шу қавлга эга бўлишган. Ҳанафий уламолар иттифоқидан кейинги мазҳаблар ўнга-ўн ъашара (ъашара фий ъашара - ўн газга ўн газ) деб, белгилашган; бир газ 72 см бўлиб, ҳовузнинг бўйи ҳам, эни ҳам камида 7 метру 20см.дан бўлиши керак. (Таржимон)
В) Аҳамиятига кўра қудуқ сувларининг тозалиги ва нопоклига ҳақида мазҳаблар қавлини бир-бир шарҳлайлик:
- Зоҳирия мазҳаби. Бу мазҳаб фикрича, қудуқ суви хоҳ оз, хоҳ кўп бўлсин, ранги ёки таъми, ёхуд ҳиди хоҳ ўзгарсин, хоҳ ўзгармасин, ичига нажосат тушгани билан нопок бўлмайди.
- Моликийлар мазҳабининг сўзи будир: Ранги ёки таъми, ҳиди ўзгарса нопок бўлади, йўқса, нопок бўлмайди. Моликийлар сувнинг озлиги ёки кўплигига қарамайди, тозалик ёки нопоклик ҳукмини уч сифатидан биронтаси ўзгариш-ўзгармаслигига қарайди.
- Шофиъийлар мазҳабининг сўзи будир: Қудуқ суви қуллатайн (икки қулла)дан оз бўлса, нопок бўлади. Икки қулла ёки ундан кўп бўлса, ранги, таъми ёки ҳиди ўзгармагунича, нопок бўлмайди.
- Ҳанафий уламоларининг аввалгилари қавли: сатҳи бир учи ҳаракатланганда (чайқатилганда) бошқа учи тебранмайдиган даражада кенг бўлса, сув нопок бўлмайди, тор бўлса, нопок бўлади.
- Ҳанафийларнинг кейинги уламолари қавли: Сатҳи ўн газга ўн газ бўлса, нопок бўлмайди, йўқса нопок бўлади.
- Бу олтинчи қавл Имоми Муҳаммаддан ривоят қилинади: у айтадики, «Абу Юсуф билан мен, қудуқ сувини оқар ҳукмида бўлиши борасида бир тўхтамга келдик. Зеро, кудуқ суви тагидан қайнаб чиқади ва устидан олинади. Бу ҳолда қудуқ ҳаммом қувурларга ўхшайдики, бир томонидан ичига сув оқиб туради, иккинчи томонидан сув чиқиб туради». («Фатҳ-ул-Қодир»).
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; у деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, у кишига, эгасиз ерлардаги йиртқич ва турли ҳайвонлар қўноғи (булоғи) бўлган сув ҳақида савол қилинди; шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар сув қуллатайн (икки қулла) миқдорида бўлса, у ҳеч нарсадан булғанмайди».
Қулла — улкан куб (хум) маъносидадир. Уламолар икки қуллани беш тулум деб қарор қилишган. Баъзилар эса беш юз ратл эканини айтишади. Шу нуқтаи назардан, қулла 250 литрлик хумдир. (Таржимон иловаси): «Ғиёс-ул-луғот» китобида бундай дейилган: «Қуллатайн — икки улкан хум маъносидадирки, унга бир минг икки юз ироқий ратл сув сиғади.
Имом ат-Термизий бу ҳадис борасида гапирмаган, фақатгина шу ҳадис билан амал қилган олимларнинг қавлларини зикр қилиш билан кифояланган.
Абда, Муҳаммад ибн Исҳоқдан нақл этиб, бундай дейди: «Қулла» деб катта сув хумлари ва айни вақтда, сув ичиладиган улкан жомга айтилади.
Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ушбу: айтдиларки, сув икки қулла миқдорида бўлса, ҳиди ёки таъми ўзгармагунча, уни ҳеч нарса нопок қилмайди. Бу миқдор салкам беш тулум эканини айтишади.