Хотин кишининг таҳоратидан ортган сув билан таҳорат олишга рухсат борлиги
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; у деди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти мутаҳҳараларидан битталари жафнада(тоғорада) ғусл қилдилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша идишдан таҳорат олмоқчи бўлган эдилар, аёллари айтдилар: «Ё Расулуллоҳ! Мен жунуб эдим...». Шунда (Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сув жунуб эмас-ку!» дедилар.
Яъни, «Бу идишдаги сув менинг ғусл таҳоратимдан ортган сув»дир, демоқчилар.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Суфён Ас-Саврий, Молик ва Шофиъйнинг қавли шудир.
Аҳмад, Абу Довуд ва Ан-Насоий бу ҳадисни тахриж қилишган. Аҳмад ва Муслим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жуфти поклари Маймуна (розияллоҳу анҳо)нинг ғусл таҳоратидан ортган сув билан ювинганларини, Ибн Аббордан ривоят қилишади. Бу ривоятда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти мутаҳҳаралари Маймуна (розияллоҳу анҳо) эканлиги билдирилмоқда. Шу ҳадисга таяниб, ўтган бобда ворид бўлган наҳий (қайтариш) танзиҳ учун эканлиги айтилган. Шунингдек, бу борада бундай дейилади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам жуфти поклари Маймунанинг ғусл таҳоратидан ортган сувга таҳорат олмоқчи бўлганларида, Маймуна (розияллоҳу анҳо)нинг: «Мен жунуб эдим» дейишлари, наҳийнинг (маън этишнинг) анча олдинроқ мавжуд эканига далолат қилади. Бу ҳолатда жавоз (ижозат) ҳадиси наҳий (тақиқ) ҳадисининг ҳукмини насх этувчи (бекор қилувчи)дир.