Намозларни бир таҳорат билан ўқимоқ
(Сулаймон ибн Бурайданинг отаси) Бурайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; у деди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун (янги) таҳорат олар эдилар; (Макка) фатҳ(и) йили бўлганда эса ҳамма намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва маҳсилари устига масҳ тортдилар. Шунда (Ҳазрати) Умар: «(Ё Расулуллоҳ!) Илгари қилмаган бир ишни қилдингиз-ку?» деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буни атай қилдим!» дедилар.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Бу ҳадисни Али ибн Козим, Суфён Ас-Саврийдан ушбу қўшимча билан ривоят қилади: «(Таҳорат аъзоларини) бир мартадан ювиб таҳорат олдилар».
Суфён Ас-Саврий, айни вақтда бу ҳадисни Муҳориб ибн Дисордан, Сулаймон ибн Бурайдадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун (алоҳида) таҳорат олар эдилар».
Вакиъ, Суфёндан, Муҳорибдан, Сулаймон ибн Бурайдадан, унинг отасидан шу ҳадисни ривоят қилди. Абдурраҳмон ибн Маҳдий ва бошқалар, Суфёндан, Муҳориб ибн Дисордан, Сулаймон ибн Бурайдадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳадисни мурсат тарзида ривоят қилдилар. Бу ривоят Вакиънинг ривоятидан кўра саҳиҳдир.
Илм аҳлининг наздида амал шу ҳадис асосидадир: Таҳорат бузилмагунча, намозларни бир таҳорат билан ўқийверади.
Кимдир эса мустаҳаб сифатида ҳамда фазилатга эришишни қасд этиб, ҳар намоз учун янги таҳорат олар эди.
Ал-Ифриқийдан, Абу Ғутайфдан, Ибн Умардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади; айтдиларки: «Кимки таҳорат устига таҳорат олса, бу таҳоратига жавобан Аллоҳ унга ўн ҳасана (қўшиб) ёзгайдир».
Бу иснод заиф. Бу бобда Жобир ибн Абдуллоҳдан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин ва аср намозларини бир таҳорат билан ўқидилар».