Садақаи фитр хақида
Абу Саъид Ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида фитр закотига таомдан (буғдойдан) бир соъ, арпадан бир соъ, хурмодан бир соъ, майиздан бир соъ, қурутдан бир соъ чиқарар эдик. То Муовия Мадинага келгунича (шунча) чиқариб турганмиз. Муовия (Мадинага келгач) нутқ сўзлади, халққа айтган гапларида ушбу (сўз) бор эди: «Мен, Шом буғдойидан икки мудди бир соъ хурмога тўғри келаётганини кўряпман». Шунда халқ бунга кўнди...» Абу Саъид айтдики, «Мен аввал қандай чиқарган бўлсам, ҳануз худди ўшандай чиқараман».
Соъ - дон маҳсулотлари ўлчови бўлиб, килограмм деганидир. Соъ-Ҳижоз ва Ироқ соъи тарзида иккига бўлинади. Ироқ соъи - саккиз ратл бўлиб, ҳар ратл 130 дирҳамдир. Бу 130 саккизга кўпайтирилса, бир соъ 1040 дирҳам бўлади. 1040 дирҳам - дирҳами шаръий эътибори билан 2,917 кг, дирҳами урфий эътибори билан 3,333 кг бўлади. Ҳижоз соъи эса беш бутун, учдан бир ратлдир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида шу соъ қўлланилган.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Ҳамма нарсадан бир соъ берилади, деган фикрдалар. Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари, буғдойдан ташқари ҳамма нарсадан бир соъ берилади ва фақатгина буғдойдан ярим соъ етарли бўлади, деб хулоса қилганлар. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак ва Куфа аҳлининг қавли шудир. Буғдойдан ярим соъ берилади деган фикрдалар.