Ўликнинг (марҳумнинг) руҳи учун садақа бермоқ
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Одамлардан бири айтдики, «Ё Расулуллоҳ! Менинг онам вафот қилди. Унинг (руҳи) учун садақа қилсам, унга фойдаси тегадими?». (Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳа», дедилар. Киши айтди: «Менинг бир мевазор боғим бор. Сизни шоҳид қилгайманки, уни онам (руҳи) учун садақа қилиб бердим!».
Бу ҳадис ҳасан.
Илм аҳллари бунга тан берганлар. Айтадиларки, «Ўликка садақа ва дуодан бошқа ҳеч нарса етиб бормайди!»
Баъзилар бу ҳадисни Амр ибн Динордан, Икри-мадан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мурсал тарзида ривоят қиладилар. «Менинг бир махрафим (мевазор боғим) бор» деган сўздан экинзор полиз кўзда тутилган.
Дуо ва садақанинг фойдаси ўликка етиб бормоғи ҳақида мутобақат (келишув) қилинган. Аҳли суннат вал-жамоат уламоси орасида бу хусуда ихтилоф йўқ. Фақат намоз, рўза ва Қуръон ўқимоқ каби жисмоний ибодатлар масаласида ихтилоф қилинган. Ал-Қорий ҳазратлари «Ал-фиқҳул-акбар»нинг шарҳида бундай дейдилар: «Абу Ҳанифа, Аҳмад ва салаф (олимлари)нинг барчаси, жисмоний ибодатлар савоби ҳам ўликка етиб боради, деган фикрга эга бўлганлар. Шофиъий ва Молик мазҳабларида, машҳур бўлган қавл - етиб бормайди, деган фикрдадир». Ас-Суютий «Шарҳус-судур»да айтади: «Хатм савоби ўликка етиш-етмаслиги ҳақида ихтилоф қилинди. Бутун салаф (олимлар) ва уч имом етиб боради, деб тан беришган. Имом Шофиъий «Инсон учун ўз саъй-ҳаракатидан бошқа нарса йўқдир». «Ан-нажм, 49) оятига таяниб, бу қавлга мухолафат қилди: Олдингилар бу оятни мухталиф жиҳатдан жавоблантиради. Қуйида шу жавоблардан баъзиларини зикр қиламиз.
1) Мазкур оят, бошқа ояти билан мансуҳдир (ҳукми бекор қилинган). Чунончи, оталар фарзандларининг тақво ва яхшилиги сабабидан жаннатга киритилишлари ривоят қилинган.
2) Бу оят, Иброҳим ва Мусо (алайҳиссалом) қавмига тегишли. (хос). Уммат учун эса ҳам ўз саъй-ҳаракатидан, ҳам унинг учун қилинган саъй-ҳаракатдан фойда етади. Бу Икриманинг сўзидир.
3) Бу оятдаги «Инсон учун» дейишдан мурод - кофир инсондир. Мўъмин инсон эса ҳам ўз саъй-ҳаракатидан, ҳам унинг учун қилинган саъй-ҳаракатдан фойда топади. Бу сўзни Робиъ ибн Анас айтади.
4) Инсон учун саъй-ҳаракатининг самарасидан бошқа бирор нарса бўлмаслиги адлий тарийқдандир (адолатли йўлдир). Аммо эҳсон бобидан Аллоҳу таоло Ўзи хоҳлаганича бериши мумкин. Буни Ал-Ҳусайн ибн Фазл айтади.
5) «Лил-инсон» бирикмасидаги «Лом», «ъала» маъносидадир. Яъни инсонга гуноҳ сифатида фақат қилган гуноҳи ёзилади ва инсон фақат содир қилган гуноҳларидан сўроқ қилинади, деганидир.
Шунингдек, ўқилган Қуръон ва туширилган хатмнинг савоби ўликларга етиб боради, деб айтган олимлар баъзи ҳадислар билан истидлол қиладилар. (далил-ҳужжат келтирадилар). Суютий: «Бу ҳадислар заиф бўлиши билан бирга, мажмуъи эътибори билан, ўликлар руҳига Қуръон ўқимоқнинг бир асл-манбаи борлигига далолат қилади» дейди ва мусулмонлар ўша пайтдан бери шу тартиб-қоида асосида давом этиб келаётганларини ва бунинг бир ижмоъ эканлигини таъкидлайди..