Қалблари моил (дўст ва улфат) қилинадиган кишиларга (нарсалар) бермоқ ҳақида
Сафвон ибн Умаййа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, халқ (ораси)да менинг энг ёмон кўрган кишим эдилар. Ҳунайн ғазоти) кунида менга (ўлжалардан) бердилар ва беришда давом этдилар. Ниҳоят, халқ орасида энг яхши кўрган кишимга айландилар».
Ал-Ҳасан ибн Али шуни ёки шунга ўхшаш бир ҳадисни менга баён қилди.
Бу бобда Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган.
Сафвоннинг ҳадисини Маъмар ва тағин бошқалар, Аз-Зуҳрийдан, Саъид ибн Ал-Мусаййабдан ривоят қиладилар: Сафвон ибн Умаййа айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бердилар»: Шу ривоят янада саҳиҳ ва янада мақбулроқ бўлиб кўринади. Ҳамда ҳадис (санади) бундай: «Саъид ибн Ал-Мусаййабдан, Сафвон ибн Умаййа айтди».
Термизий санадда воқе бўлган «ъан» ва «ан» сўз ривоятларига ишорат қилиб, «ан» ривоятини устун қўймоқдалар. Шунга қарамай ҳадисни «ъан» ривояти билан тахриж қилганлар.
Илм аҳллари муаллафа-и қулубга (моллардан) берилмоғи борасида ихтилоф қилдилар. Илм ахлларининг кўпи бермаслик керак, деган фикрдадир. Айтдиларки, «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида (улар) бир жамоатдан иборат эди. Расули Акрам уларни Исломга мойил қилишга уринар эдилар ва натижада (улар) мусулмон бўлдилар. Бу кун бу маънода уларга закот берилмаслиги керак деган фикрга эга бўлишаётир. Суфён Ас-Саврий, Куфа аҳли ва тағин бошқаларнинг қавли шудир. Аҳмад ва Исҳоқ ҳам шу қавлга эга бўлганлар.
Баъзи илм аҳллари эса бундай дейдилар: «Бу кун ўшаларнинг ҳолатида бўлганлар топилса, Имом (Давлат бошлиғи) уларни Исломга мойил қилиш учун (пул ёки мол) берса, бу жоиздир. Шофиъийнинг қавли шу.