Молда закотдан бошқа ҳам ҳақ бор
Фотима бинти Қайс (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан закот ҳақида сўрадим ёки сўралди», дейди. Шунда: «Албатта, молда закотдан ташқари ҳам ҳақ бор», дедилар. Кейин «Бақара» сурасидаги ушбу оятни ўқидилар: «Яхшилик фақат юзларингизни .... бураверишингиз эмас».
Ояти кариманинг давоми: «Бақара» сураси, 177-оят маъноси:
«Яхшилик (фақатгина) юзларингизни Машриқ ва мағриб томонларга бураверишингиз эмас. Балки, Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб, молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод этиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган кишилар ва аҳдлашган пайтларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан, оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир».
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ояти каримани, молда закотдан ташқари ҳам ҳақ борлигига далил қилиб кўрсатдилар. Чунки, Аллоҳу таоло, молнинг хайр-ҳасанот жойларига берилишини таъкидлагандан кейин, закотга ўтган ва «закотни бергайдир» деб марҳамат қилган. Бу эса молда закотдан ташқари ҳам ҳақ борлигига далолат қилади.