Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, у зотнинг аҳли байти ва авлодлари учун садақа (ва закот) олмоқ кароҳат эканлиги
Абу Рофиъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Махзум (қавми)дан бўлмиш бир кишини* садақа (закот) йиғмоқ учун жўнатдилар. Бу киши Абу Рофиъга: «Менга йўлдош бўлгин, закотдан улуш ололгайсан» деди. (Абу Рофиъ) айтдики, «(Буни) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бориб сўрамаса, бўлмайди». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрашиб, у кишидан (буни) сўради. Шунда (Расули Акрам) бундай дедилар: «Садақа бизларга жоиз эмас, бир қавмнинг мавлолари (озод этилган қуллари) ҳам уларнинг ўзларидан ҳисобланади».
* Ас-Суютий бу зот Ал-Арқом ибн Абил Арқом эканлигини айтади.
Ҳадис, садақа ва закот Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга, у кишининг хонадонлари аҳлига ва Бани Ҳошим оиласининг мавлоларига (озод этилган қулларига) ҳаром эканлигага далолат қилади. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ул-борий»да Аҳмад, Абу Ханифа ва Моликийлардан баъзилари шу қавлга эга бўлганликларини қайд этади.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари (озод этган куллари) Абу Рофиънинг исми - Аслам. Абу Рофиънинг ўғли Али ибн Абу Толиб (карромаллоҳу важҳаҳу)нинг котиби - Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъдир.