Ҳар бир намоз учун алоҳида таҳорат олмоқ
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Таҳорат устига таҳорат олган кишига Аллоҳ бу туфайли ўн ҳасана (савоб) ёзгайдир».
Ибн Раслон айтдики, «Ўн ҳасана»дан мурод - ўн таҳорат савоби эканлиги мувофиқ тушади. Чунки, Аллоҳ таоло бир ҳасанага (яхшиликка) камида ўн ҳасана билан жавоб қайтаришни ваъда қилган».
«Шарқ-ус-сунна»да белгиланишича, таҳоратни янгилаш, эски таҳорат билан намоз ўқиган бўлса, мустаҳабдир, акс ҳолда баъзилар бунинг макруҳ эканини айтишган. Ал-Қорий, кароҳат бўлишига сабаб қилиб исроф эҳтимоли борлигини уқтиради.
Ҳофиз Ал-Мунзирий, «Ат-тартиб» китобида ҳам: «Таҳорат устига таҳорат олиш нур устига нурдир» деган сўз Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисидан эканини хотирлай олмайман, балки салафлардан биронтасининг сўзидир», дейди.
Бу ҳадисни Ал-Ифриқий, Абу-Ғутайфдан, Ибн Умардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади «Таҳорат устига таҳорат олган кишига Аллоҳ бу туфайли ўн ҳасана (савоб) ёзгайдир».. Ҳусайн ибн Хурайс ал-Марвизий бу ҳадисни бизга Ал-Ифриқийдан Муҳаммад ибн Язид Ал-Воситий орқали айтиб берди.
Бу иснод заиф. Чунки Ал-Ифриқия заиф ва Абу Ғутайф мажҳулдир. (Муборакфурий).
Али ибн Ал-Маданий, Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттондан нақл этиб бундай дейди: «Бу ҳадис Ҳишом ибн Урвага зикр қилинганида, «Бу бир Машриқ (Шарқ) иснодидир», деди.
Яъни бу ҳадиснинг ровийлари машриқликлар (шарқликлар)дир. Айрим ҳошияларда шарҳланишига кўра, машриқликлар Куфаликлар ва Басраликлардир (Муборакфурий).
Аҳмад ибн Ҳасандан эшитдим, дедики, «Аҳмад ибн Ҳанбал: «Кўзим Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон кўргани каби кўрмади», деганини унинг ўзидан эшитдим.