Садақа олмоғи жоиз бўлмаган кишилар
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бой ва бақувват, (соғлом), ўртаҳол киши учун садақа олмоқ жоиз эмас».
Бу бобда Абу Ҳурайра, Ҳубший ибн Жунода ва Кабиса ибн Ал-Муҳориқ (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадиси ҳасан. Шуқба бу ҳадисни Саъд ибн Иброҳимдан айни шу иснод билан ривоят қилган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга(ча) юксалтирмаган.
«Бой, бақувват ва ўртаҳол (ногирон бўлмаган) киши учун садақа олмоқ жоиз эмас»лиги Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, бошқа ҳадисларда ҳам ривоят қилинган. Киши бақувват бўлгани ҳолда муҳтож бўлса ва ҳеч бир нарсага эга бўлмаса, шу ҳолатда унга закот берилганида, илм аҳлларининг ҳукмига кўра, закот берган кишидан фарз соқит бўлади. Баъзи илм аҳллари эса бу ҳадисни тиланмоққа оид деб ҳисоблайдилар.