Садақа олиши жоиз бўлган кишилар
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки муҳтож бўлмаган ҳолда инсонлардан тиланиб юрса, қиёмат кунида тиланчилиги унинг қиёфасида тирналган ёки шилинган ёки эзилган бир ҳолатда келгайдир». Сўралдики: «Ё Расулуллоҳ! Нима нарса уни беҳожат қилади?» Айтдилар: «Эллик дирҳам ёки эллик дирҳам қийматидаги олтин».
Ибн Масъуднинг ҳадиси ҳасан.
Ҳаким ибн Жубайрнинг ушбу ўриндаги ривояти туфайли Шуъба унинг ҳақида (танқидий) сўз қилган.
Маҳмуд ибн Ғайлан, Яҳё ибн Одамдан нақл этиб, бизга баён қилдики, Суфён, Ҳаким ибн Жубайр орқали ушбу ҳадисни ривоят қилди. Шунда Шуъбанинг биродари Абдуллоҳ ибн Усмон Суфёнга бундай деди. «Қанийди, бу ҳадисни Ҳакимдан бошқа киши ривоят қилсайди!» Суфён унга айтдики, «Ҳакимнинг нима айби бор, Шуъба ундан ҳадис ривоят қилмайдими?». Абдуллоҳ ибн Усмон: «Ҳа, (ривоят қилмайди)» деди. Суфён дедики, «Зубайддан ушбу ҳадисни Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Язиддан ривоят қилганини эшитдим».
Баъзи биродарларимизнинг амали шу ҳадис асосидадир. Ас-Саврий, Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир. Айтдиларки, «Кишининг ёнида эллик дирҳами бор бўлса, садақа олмоғи жоиз бўлмайди».
Баъзи илм аҳллари эса Ҳаким ибн Жубайрнинг ҳадисини эгалламай, бу масалада кенглик намоён қилганлар ва бундай деганлар: «Ёнида эллик дирҳами ёки элликдан юқорироқ дирҳами бор бўлса, у киши муҳтождир ва у закот олмоғи жоиздир».