Тахмин (билан закот миқдорини белгилаш) ҳақида
Абдурраҳмон ибн Масъуд ибн Нийдрдан ривоят қилинди; айтадики, «Саҳл ибн Аби Ҳасма бизларнинг мажлисимизга келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини бизга баён қилди: «Агар чамалаб ўлчасангиз, (чамаланган молнинг закотини) олинг ва (лекин) учдан бирини (эгасига) қолдиринг! Агар учдан бирини қолдирмасангиз, унда тўртдан бирини қолдиринг».
Мевалар чамаланганда закот миқдори аниқланади ва охирида бу (ажратилган) миқдорнинг учдан икки қисми олиниб, учдан бир қисми мева эгаларига қолдирилади. Улар бу миқдорни хоҳлаганларидек садақа қилишлари мумкин.
Бу бобда Оиша, Аттоб ибн Асийд ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Тахмин (чамалаш) хусусида илм аҳлларининг амали Саҳл ибн Абу Ҳасманинг ҳадиси асосидадир. Исҳоқ ва Аҳмад, Саҳл ибн Абу Ҳасманинг ҳадисини қабул қилишган.
Тахмин (чама)(шуки), хурмо ва узум сингари закотга дахлдор мевалар етишганда, хукмдор бир тахминчини жўнатади. Ҳукмдор уларга (мева ҳосилларини) тахминлаб (чамалаб) ўлчаб беради. Тахмин - аҳли вуқуф (воқиф бўлган, хабардор) кишининг сўз қарори билан: «Бундан шунча майиз ва хурмодан шунча (хурмоқоқи) чиқади» деб (миқдорини) уларга ўлчаб бермоғидир. Бу миқдордан ушр ҳажмига қараб, (уни) мева эгалари зиммасига (қарз деб) қайд этади. Кейин меваларини уларга қолдиради; улар хоҳлаганини қилади. Мевалар етишганда, улардан ушр олинади.
Баъзи, илм аҳллари ҳадисни шундай тафсир қилганлар. Молик, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.