Ҳар бир намоз учун алоҳида таҳорат олмоқ
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир намоз учун таҳорат олар эдилар, хоҳ таҳоратли бўлсинлар, ҳоҳ таҳоратли бўлмасинлар». (Хумайд айтади): «Анасга дедимки, «Сизлар қандай қилар эдингизлар?» (Анас) деди: «Бизлар битта таҳорат олар эдик (таҳоратли бўлганда қайта таҳорат олмоқни лозим кўрмас эдик)».
Ҳумайднинг Анасдан қилган ривояти бу важҳдан ҳасан ғарибдир. Муҳаддисларнинг наздида машҳур бўлгани - Амр ибн Омир Ал-Ансорийнинг Анасдан қилган ривоятидир. Баъзи илм аҳли ҳар бир намоз учун (алоҳида) таҳорат олмоқни вожиб эмас, балки мустаҳаб деб ҳисоблашади.
Ҳатто илм аҳлининг кўпчилиги ҳар намоз учун таҳорат олишни мустаҳаб деб ҳисоблайдилар. Таҳовий, «Ал-осор» шарҳида бундай дейди: «Баъзиларнинг фикрича, муқим кишиларга ҳар намоз учун (алоҳида) таҳорат олиш вожибдир. Лекин уламонинг кўпчилиги таҳоратнинг фақат ҳадас (таҳорат бузилиши) туфайли вожиб эканини айтишган».
Ҳофиз Ибнул-Ҳажар «Фатҳ-ул-борий» асарида бундай дейди: «Намозга турганингизда юзларингизни ювингизлар», деган ояти карима тафсирида салаф олимлари ихтилоф қилишди: «Кўплари, бу оятда; «Намозга турмоқчи бўлганингизда агар таҳоратсиз бўлсангиз» деган маънони бердилар. Кимдир эса оятнинг зоҳирига ёпишиб, авваллари ҳар бир намоз учун таҳорат олиш вожиб эканини айтган, кейин эса бу ҳукмнинг насх (бекор) бўлгани ёки истимсор (доимий) бўлгани ҳақида ихтилоф қилишган...».
Ижмоъ (олимлар жамоаси иттифоқи) эса: «ҳар намоз учун таҳорат олиш вожиб эмас, балки фақат мустаҳаб» дейиш ҳукм асосида қатъий фикрдадир.